“Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси томонидан 2017 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Беруний шароб савдо” ихтисослаштирилган шароб савдо базасида алкогол маҳсулотларини сифати текширилди.

Таҳлил натижасида база омборхонасида мавжуд “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган 6995 дона “Бизнинг ОРОМ” виноси, 4305 дона “ФАЗАН” ва 9757 дона “Qora Bayir” ароғи маҳсулотлари давлат стандартлари талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланди

Бундан ташқари савдо дўконларида аҳолига сотилаётган алкогол маҳсулотлари текширилганда “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган “URGANCH” оддий ароғи, “Золотая марка” ва “GOLD BRAND” ликёрароқ маҳсулотлари давлат стандартлари талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланди. Текширишда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги” Қонунининг         4-моддаси ва “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси бузилганлиги аниқланди.

Аниқланган сифатсиз алкогол маҳсулотлари савдо тармоғидан олиниб қайта ишлаш учун ишлаб чиқарувчига қайтарилди.

Истеъмолчиларни сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш, сифатсиз алкогол маҳсулотларни савдо тармоғига келиб тушишини олдини олиш мақсадида, “URGANCH SHAROB” акциядорлик жамияти фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва масъулларга нисбатан чора кўриш юзасидан тегишли ваколатли идораларга  натижалари бўйича хулосалар юборилди.