Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида рақобатбардош ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами кенгаймоқда. 
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Гулистон бунёдкори” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш мақсадида 300 тонна сиғимга эга замонавий совутгич барпо этилди. 
Мамлакатимизда яратилаётган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланган корхона фаолиятини изчил кенгайтирмоқда. Яқинда нон ва нон маҳсулотлари, қандолат, макарон цехларида маҳсулот ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Сифатли маҳсулотлар корхонага тегишли савдо дўконларида сотилмоқда. 
Бугунги кунда корхонада меҳнат қилаётган 160 ишчининг 130 таси доимий, 30 таси мавсумий иш билан таъминланган. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. 
– Айни пайтда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экаётган 93 фермер хўжалиги билан турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар туздик, – дейди корхона раҳбари Муроджон Довуров. – Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 июндаги "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан маҳсулот етиштирувчиларга олдиндан 700 миллион сўм бўнак пуллари тўлаб берилди. 
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари корхона омборхоналарига даладан бешта “Исузу” юк ташиш машинасида келтирилмоқда. Жорий йил корхона мутасаддилари вилоятдаги 200 корхона, ташкилот ва муассаса билан 1 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Шу кунгача 400 тонна дуккакли дон маҳсулотлари захираси яратилди. Ўтган йили корхона 200 миллион сўм соф даромад кўрди. Жорий йилда бу кўрсаткични икки баробар ошириш режалаштирилган. 

Манба:ЎзА