Диний экстремизм ва халқаро терроризм инсоният учун жиддий хавф туғдирмоқда. Диний ақидапарастлик, турли маънавий таҳдидларга қарши кураш давом этаётганига қарамай, уларга хайрихоҳ кимсалар учраб турибди. Улар орасида ёшларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан “Диний экстремизм ва терроризм – жамият барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид” мавзуида ташкил этилган семинарда бу ҳақда фикр-мулоҳаза юритилди. 

Видеоконференция шаклида ўтган тадбирда палатанинг ҳудудий бошқармалари вакиллари, ёш тадбиркорлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари А.Боязитов, Ж.Алиев ва бошқалар дунё халқлари ҳаётига таҳдид солиб, халқаро миқёсда тинчлик-осойишталикни бузишга уринаётган террорчи кучлар, манфур ғоялар билан қуролланган оқимларга қарши курашиш инсоният олдида турган долзарб вазифалардан эканини алоҳида таъкидлади. 

Ўзбекистон дунёда тинчликни сақлаш, халқлар, миллатлар манфаатини ҳимоя қилиш, терроризм, диний ақидапарастлар ва турли ғараз ниятли тўдаларга қарши курашишда фаол ва мустаҳкам позициясига эга. Бу жиҳатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, узоқ-яқин давлатлар билан барча жабҳалардаги муносабатларда ўз аксини топмоқда. 

Сир эмас, бугун интернет майдонида турли маънавий таҳдидлар авж олган, ёшларимизни ўзининг бузуқ ғоялари таъсирига оғдириб олмоқчи бўлган оқимлар ҳам урчимоқда. Маълумотларга кўра, бузғунчи кучлар ғояларини тарғиб қилишга қаратилган веб-сайтлар ҳам ортмоқда. 

Йиғилишда бу йўлда барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарурлиги таъкидланди. Айниқса, ёшларимиз таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Жумладан, уюшмаган ёшлар масаласи ғоят долзарбдир. Улар ўз муаммоларига жавоб топиш учун турли ижтимоий тармоқларга мурожаат қилмоқда. Бу тармоқларнинг хатардан холи эканига ҳеч ким кафолат бермайди. Шу маънода ёшларимиз маънавиятини мустаҳкамлаш, уларда ўзига ишонч туйғусини шакллантириш жоиз. 

Тадбирда иштирокчилар эътиборига диний экстремистик ташкилотларнинг жирканч ва ваҳший фаолиятига доир лавҳалар, фотосуратлар ҳавола этилди. 

 

 

 ЎзА