Мамлакатимизнинг табиий-иқлим шароити, қуёшли кунларнинг кўплиги, унумдор тупроғию, бой илмий-интеллектуал салоҳияти, дунё бозорида харидоргир бўлган сифатли маҳсулотларини етиштириш учун кенг имконият яратади. Маҳсулот экспорт қилишда халқаро талаблар ва чет эл қонунчилиги муҳим аҳамиятга эга, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, корхоналарда халқаро талабларга мос бошқарувни жорий этишда  “Ўзстандарт” агентлиги томонидан кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина экспортёр корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги тизимида ҳамда вилоятларда вакилларига эга бўлган “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” томонидан экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга стандартлар, сертификатлаштириш, ёрлиқлаш, қадоқлаш ва бошқа параметрлар бўйича халқаро ва мамлакатлараро талаблар юзасидан бепул консультация хизматларини кўрсатиб келинмоқда.

Ўтган йиллар таҳлилига асосан Самарқанд вилоятидаги 150 га яқин тадбиркорлик субъектлари ва маҳсулот ишлаб чиқарувчи  корхоналарга бепул консултатив хизматлар кўрсатиш натижасида 26 та корхоналар томонидан ўз маҳсулотларини дунёнинг бир қатор давлатларига экспортни амалга оширди.

“Экспортга кўмаклашиш бюроси” фаолияти янада жадаллаштириш, бу борада ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2935-сонли қарори билан “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” фаолияти қайта ташкил этилди ҳамда ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказларида ўз вакилларига эга бўлди.

Жаҳон стандартларига мос сифатли маҳсулотни ишлаб чиқариш ва уни  жаҳон  бозоридаги  рақобатбардошлигини  таъминлаш  мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси қошидаги “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” вакили корхона ва ташкилотларга бепул консультация хизматларини кўрсатиш орқали юртимизда  ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларимизнинг нафақат ички бозорларимизда, балки жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари бозорларидамуносиб  ўринни  эгаллашига  ёрдам бериши  билан  аҳамиятлидир.