Ўзбекистон Республикаси билан Украина ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар. 

Украина Президенти Пётр Порошенконинг табрик мактубида бундай дейилади: "Сизни муҳим сана – Украина ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этаман". 

Пётр Порошенко давлатларимиз ўртасидаги чорак асрлик тенг ҳуқуқли муносабатлар бундан буён ҳам ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактубида ўтган вақт мобайнида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқалари ўзаро ҳурмат, манфаатдорлик ва англашув руҳида изчил ривожлангани ва мустаҳкамлангани чуқур мамнуният билан қайд этилган. 

Давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги алоқалар халқларимиз фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам янада кенгайиши ва мустаҳкамланишига ишончим комил", деб таъкидлаган.