Бугун “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Миллий матбуот марказида Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Энергия ресурслар (газ, электр ва сув) ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг самарали механизмлари” мавзусида  очиқ мулоқот  ташкил  этилди.

Матбуот анжумани аввалида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А. Каримов журналистларга мавзу юзасидан маълумот бериб, ҳақиқатда ҳам ҳозирги кунда истеъмолчиларимиз маиший ўлчов воситаларини қиёслашдан ўтказишда бир қатор муаммоларга дуч келаётганликлари, агентлик ва таъминочи ҳамда таъмирловчи корхоналар ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек Бош директор журналистларга мурожаат қилиб, мазкур соҳадаги муаммоларни бартараф этишда, истеъмолчиларга ҳаққоний маълумотларни етказишда Оммавий ахборот воситалдари билан ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдирди.

 

Жумладан, электр энергия ва табиий газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш жараёнларини тартибга солиш ҳамда аҳоли ва энергия ресурсларини етказиб берувчи - таъминотчи  корхоналар ўртасида мунозарали вазиятларни камайтириш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўздавэнергоназорат” ва “Ўздавнефтегазинспекция” билан ҳамкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва белгиланган тартибда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, шулар жумласидан:

Биринчидан: 2014 йил 30 июлдаги 2604-сонли «Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом;

Иккинчидан: 2016 йил 1 декабрдаги 2736-сонли «Маиший истеъмолчиларни электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом;

Мазкур Низомларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига янада сингдириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти, жамоат ташкилотлари ва энергия етказиб берувчи ташкилотлар билан хамкорликда махаллаларда мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб борилмокда.

Ҳозирга келиб Республика миқёсида аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратиш мақсадида жами 33 та шахобчалар ташкил қилинган бўлиб, шундан  Пойтахтимизда фаолият  олиб бораётган шахобчалардан ташқари яна 3 та туманида маиший ўлчов воситаларини давлат қиёсловидан ўтказиш учун қабул қилиш шахобчалари ташкил этилди. Шунингдек агентликнинг ҳудудий марказлари томонидан 2012-2017 йиллар мобайнида республикамизнинг шаҳар марказларидан чекка ҳудудларида жами 30 та худди шундай шахобчалар ташкил этилди.

Бунинг натижасида улар ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан ўзлари учун қулай ҳудудлардаги шахобчаларга мурожаат этадилар.

Минг афсуски, кейинги йилларда аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар натижасида Пойтахтимизнинг айрим туманларида“Маиший сув, газ ва электр ҳисоблагичларни давлат қиёслашидан ўтказишда кўпгина муаммолар кўзга ташланмоқда.

Масалан: таъминотчи корхоналар ва аҳоли ўртасида маиший ҳисоблагичларни ечиш, ўрнатиш ва уларга олинадиган нархларнинг сунъий тарзда ошиб кетаётганилиги, қиёслаш вақтида “носоз” деб топилган ҳисоблагичларни таъмирлаш учун амалга ошириладиган тўловлар ва таъмирлаш корхоналари томонидан ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш муддатлари тўғрисида истеъмолчилартўлиқ маълумотга эга эмаслар.

Бунинг оқибатида истеъмолчилар томонидан ҳақли эътирозлар ҳам билдирилмоқда. Матбуот анжумани давомида  Оммавий ахборот воситалари ва ҳамкор ташкилотлар қуйидаги масалаларни муҳокама этдилар.

  1.  Ҳисоблагичларни қиёслаш ишларини ташкиллаштиришда мавжуд аҳволни танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқиб, аҳоли учун қулай бўлган мутлақо янги мақбул тизимни жорий этиш;
  2. Амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилаётган чоралар;
  3. Маиший сув ҳисоблагичларни қиёслаш учун ечиш, ўрнатиш ва таъмир талаб ҳисоблагичларни таъмирлаш учун аҳоли томонидан амалга ошириладиган тўловларни оптимал шаклга келтириш ва аҳолига шаффоф равишда маълум қилинишини таъминлаш;
  4. Ҳисоблагичларни таъмирлаш билан шуғулланувчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш.

             Матбуот анжумани сўнгида “Ўзстандарт” агентлиги ва ҳамкор вазирлик, идоралар мавжуд муаммоларни келгусида биргаликда ҳал этишга қаратилган тизимли режа-дастурни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.