Тошкентда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири, кичик қўмита ҳамраиси Г.Саидова, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари, Энергетика бўйича давлат қўмитаси раиси, кичик қўмита ҳамраиси Н.Бекри ва бошқалар Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Хитойга давлат ташрифи якунлари Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада кенгайтиришга янги суръат бағишлади. 

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт, фан-техника, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги соҳаларида янада фаоллашди. Бу мамлакатларимиз иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам асос бўлмоқда. Масалан, биргина энергетика соҳасида Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида мамлакатимизда Хитой сармояларини жалб қилган ҳолда 878 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Мажлисда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор муҳим дастурлар қабул қилингани таъкидланди. Хусусан, мамлакатимизнинг юксак гидроэнергетик салоҳиятидан комплекс фойдаланиш мақсадида 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури қабул қилинди. Унга кўра 2,6 миллиард доллар эвазига 18 янги ГЭС қуриш ва мавжуд 14 ГЭСни модернизация қилиш режалаштирилган. Дастурни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш учун аввал "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибига кирган барча гидроэлектрстанцияларни бирлаштирган «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилди. 

Жорий йил май ойида ХХР Тижорат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ўртасида Ўзбекистонда кичик ва ўрта гидроэлектрстанцияларни қуриш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қиймати 2,7 миллиард долларлик битим имзоланди. 

Шунингдек, мамлакатимизда 2017-2021 йилларда кўмир саноатини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ 585 миллион долларлик лойиҳалар натижасида кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш режалаштирилган. 

Энергия самарадорлигига эришиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш кичик қўмита фаолиятининг муҳим йўналишидир. Мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Мажлисда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғида фаолият юритаётган Хитой компанияларининг инвестиция фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Улар мамлакатимизда нефть-газ конларини биргаликда излаш ва ўзлаштириш, электр энергетикаси тизимининг генерация ва транспорт қувватларини модернизация қилишда фаол иштирок этмоқда. Ҳамкорлик натижасида Ангрен иссиқлик электр станциясида қуввати 130-150 МВт бўлган энергияблок ишга туширилди, ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичи бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ишлари якунига етмоқда, Тошкент иссиқлик электр станциясида қуввати 370 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. 

Томонлар шу ва бошқа лойиҳаларни рўёбга чиқариш мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди. 

Тадбир сўнггида Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси тўртинчи мажлиси баённомаси имзоланди. 

 

 

ЎзА