Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорва молларини касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, шахсий, деҳқон ва фермер хўжаликларида ветеринария-санитария ҳолати барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолининг сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Фарғона вилоятида ҳам мазкур йўналишда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижросини таъминлаш қатъий назоратга олинган. 

– Мамлакатимизда барқарор эпизоотик вазиятни сақлаш мақсадида шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли қарамоғида бўлган чорва моллари клиник кўрикдан ўтказилиб, белгиланган профилактик тадбирлар режа асосида амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи Т.Бойқўзиев. – Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида кейинги беш йилда ҳайвонлар орасида юқумли касалликлар қайд этилиши кескин камайишига эришилди. Ҳозирги кунда вилоят ветеринария бошқармаси тизимида 4 шаҳар, 15 туман ветеринария бўлими ҳамда 1 вилоят касалликларга ташхис қўйиш ва озиқ-овқат маркази, 13 туман касалликларга ташхис қўйиш ва озиқ-овқат маркази фаолият юритмоқда. Қишлоқ ҳудудларида аҳоли, деҳқон- фермер хўжаликлари чорвасига хизмат кўрсатувчи 237 ветеринария участка пункти ташкил этилди. Бу билан туман ва шаҳарларда ветеринария сервис хизматлари янада яхшиланди. 

Чорвачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида кейинги йилларда аҳоли қарамоғидаги чорва ҳайвонлари, паррандалар бош сони кўпайди. Чорвачилик йўналишидаги деҳқон-фермер хўжаликлари сони, банк кредити ҳисобига чорвачилик билан шуғулланувчи шахсий хўжалик эгалари йилдан-йилга кўпаймоқда. 2017 йил 1 август ҳолатидаги статистик маълумотларга кўра, вилоятда 1 миллион 67 минг бош қорамол, 912 минг 863 бош қўй, 5 миллион 158 минг 758 бош парранда, 8 минг 921 бош йилқи, 65 минг 608 асалари оиласи парвариш қилинмоқда. 

Вилоятда эпизоотик тадбирларни ўтказишда асосий эътибор чегарадош ҳудудларда профилактик эмлаш тадбирларини тўлиқ ўтказишга, давлат ветеринария назоратини кучайтиришга қаратилмоқда. Вилоят ветеринария бошқармасида эпизоотик тадбирларни ўтказишни мувофиқлаштириб борувчи штаб ташкил этилган ва эпизоотик мониторинг кузатувлари олиб бориш йўлга қўйилган. 

Чорва ҳайвонларини юқумли касалликлардан муҳофаза қилишда диагностик текшириш, профилактик эмлаш, касал ҳайвонларни даволаш ва бошқа ветеринария-санитария тадбирлари ўтказиш ветеринария мутахассислари зиммасига юклатилган. Вилоятда давлат ветеринария хизмати тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ташхис қўйиш аппаратлари билан жиҳозлаш босқичма-босқич, чорвачиликни ривожлантириш дастури орқали амалга оширилмоқда. 

Яқинда Қўқон шаҳрида замонавий автоматлашган мини-комплекс ишга туширилди. Фарғона, Марғилон шаҳарларида замонавий лойиҳа асосида қурилаётган мини-комплексларда автоматлашган линия ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.