Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Мазкур ҳужжатга кўра, барча туман ва шаҳарларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган секторлар самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш бўйича Низом ҳамда “Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили белгиланиб, тўрт секторга аҳолининг энг муҳим масала ва муаммоларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилди, масъулият ва жавобгарлик оширилди. 

Кармана туманида ҳам секторлар самарали фаолият юритмоқда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа объектлари, даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини янада яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон билан таъминлашга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. 

Фермер хўжаликлари томонидан агротехник тадбирларнинг мақбул муддат ва меъёрларда ташкил этилишига амалий ёрдам кўрсатиш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, жумладан, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаси учун ажратилган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, маҳаллалар, зиёратгоҳлар ва қабристонларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, экологик ҳолатини яхшилашга эътибор кучайтирилаётир. 

Маҳаллий бошқарув органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигида ўтказилаётган профилактика тадбирлари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилаётир. 

Туман ҳокими Ф.Умаров бошчилик қиладиган биринчи секторга “Тошработ”, “Паҳлавон”, “Деггарон”, “Малик”, “Сардоба”, “Дўстлик”, “Азамат”, “Дўрман”, “Қаҳрамон”, “Кумушкон” маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилган бўлиб, масъуллар иштирокида ҳар бир маҳалла ва оилани ўрганиш бўйича махсус жадвал ишлаб чиқилган. Ишчи гуруҳ ҳар куни ана шу жадвал асосида оилалар, корхона-ташкилотларга, таълим ва тиббиёт муассасаларига кириб, аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда. Аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. 

Шунингдек, туман прокурори, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги 30 га яқин маҳалла секторида шу тарзда ҳамкорликда иш олиб бормоқда. 

Наврўз маҳалласида яшовчи Мақсуда Давлатова ногиронлик аравачаси ва уй-жой билан таъминланди. Шу маҳаллада яшовчи II гуруҳ ногирони Саломат Сувоновага тикув машинаси берилди. 

– Давлатимиз раҳбарининг мен каби имконияти чекланган фуқароларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётганидан беҳад миннатдорман, – дейди М.Давлатова. – Тор уйда бир нечта оила ноқулай аҳволда яшар эдик. Мана энди ўз уйим бор. Ўзимни худди жаннатга тушгандек ҳис қиляпман. Менинг ҳолатимни бошидан ўтказганларгина билади. Шундай юртда туғилганимдан фахрланаман. 

Пахтаобод маҳалласида яшовчи Умиджон Турдиев имконияти чеклангани сабаб таълим олиш учун мактабга бора олмас эди. Сектор раҳбарининг ташаббуси билан маҳалладаги 12-умумтаълим мактаби ўқитувчилари Умиджоннинг уй шароитида таълим олишига кўмаклашмоқда. 

– Фарзандимнинг келажаги йўлида шундай шароит яратиб бераётган давлатимиз раҳбаридан миннатдорман, – дейди Умиджоннинг онаси Роҳила опа. – Ўғлим ҳозир 2-синф дарсликларини ўзлаштирмоқда. Ўқитувчилар уйимизга келиб, беминнат дарс ўтмоқда. Кўнгли ярим ёлғиз она сифатида жигарбандим тенгдошлари қатори таҳсил олаётганини кўриб, кўнглим осмон қадар юксалмоқда, шодлигим ичимга сиғмайди. 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА