“Ўзстандарт” агентлиги томонидан яратилган ахборот тизимлари портали орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар

Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги йиллар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, юртимизда ялпи ички маҳсулотларни етиштириш ва бошқа соҳаларда тадбиркорларимизнинг улуши катта бўлмоқда.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегиясининг бешта муҳим йўналишларидан бири бу - Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга қаратилган.

Республикамизда бошқа вазирлик ҳамда идоралар қатори “Ўзстандарт” агентлиги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Масалан, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Мувофиқликни баҳолаш”, “Стандартларни қидириш миллий тизими”, “Мувофиқлик сертификатлари давлат реестри” ва “Маҳсулотнинг штирихкоди бўйича маълумотларни қидириш” каби ахборот тизимлари аҳоли ва тадбиркорларга бир қанча қулайликлар яратмоқда.

Ҳозирда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан аҳоли ва тадбиркорларга стандартлаштиришга доир ҳуқуқий ҳужжатлардан монеликсиз ва бепул фойдаланиш имконини яратиш мақсадида агентликнинг расмий веб-сайтида “Стандартларни қидириш миллий тизими” ахборот тизимида жами 19 000 дан ортиқ стандартлар, шундан 1230 та давлат стандартларининг электрон нусхалари жойлаштирилди.

Шунингдек, portal.standart.uz портали орқали сертификатлаштириш идоралари иш фаолияти автоматлаштирилди. Ушбу портал ёрдамида маҳсулотларга берилаётган сертификатларнинг электрон базаси шакллантирилиб борилмоқда. Энг муҳими, ушбу дастур ёрдамида тадбиркорлар маҳсулот сертификатининг ҳаққонийлигини текшириб олишлари мумкин.

“Мувофиқлик сертификатлари давлат реестри” ахборот тизими орқали давлат реестрига киритилган мувофиқлик сертификатлари, уларнинг амал қилиш муддатлари ва бошқа маълумотларни тўлиқ билиб олиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, “Ўзстандарт” агентлигининг расмий веб-сайтида “Онлайн маслаҳат” рукни жорий йилнинг 10 мартидан ишга туширилди ва натижада аҳоли ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олмоқдалар.

Агентлик томонидан “Менинг Стандартим” мобил телефонларига мўлжалланган дастур ҳам ишлаб чиқилмоқда. Мазкур дастур ёрдамида аҳоли ва тадбиркорлар учун “Ўзстандарт” агентлигининг барча интерактив хизматларидан фойдаланиш, агентлик Бош директори виртуал қабулхонасига мурожаат юбориш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни штрихли коди орқали маълумот олиш ва унинг сифатига баҳо бериш каби имкониятлар яратилади.

“Ўзстандарт” агентлиги келгусида тадбиркорлар учун техник ҳиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология соҳаларидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, тизимлаштириш ва сақлашни амалга оширадиган автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ишларини режалаштирган.