2017 йил 13 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3384-сонли “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳа (бундан буён матнда – Лойиҳа) доирасида дастлаб "Sagemcom” (Франция Республикаси), “ElsterGmbH” (Германия Федератив Республикаси) ва “Toshelectroapparat” ХК МЧЖ  (Ўзбекистон Республикаси) компанияларидан 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш приборлари, шунингдек дастурий таъминот, улар билан бирга ишлайдиган ускуналар, бошқа зарур техник воситалар харид қилиниши маъқулланган.

Республика ҳудудлари бўйича газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш тасдиқланган режага мувофиқ, электр узатиш линиялари ва газ қувур йўлларини модернизациялаш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилиши, электр ва газ таъминоти инфратузилмасининг амалдаги ҳолатини, шаҳар ва вилоят марказларининг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида ўрнатиладиган приборларни даврий текширувдан ўтказиш “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 10 йилда 1 марта амалга оширилади.

Бунда Лойиҳани амалга ошириш бошлангунига қадар республикада илгари ўрнатилган, Ўзбекистон Республикаси Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш приборларидан фойдаланишга рухсат этилган. Кўрсатилган  ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 04.05.2016 й. 2782 сон билан рўйхатга олинган “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати” билан регламентланган муддатларда ўтказилади. Электр энергияси ҳисоблагичлари учун қиёслашлараро интервал - 4 йилда 1 марта; маиший эҳтиёжлар учун ишлатиладиган газ ҳисоблагичлари учун - 4 йилда 1 марта; саноат эҳтиёжлари учун ишлатиладиган ҳисоблагичлар учун - 2 йилда 1 марта.

Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш бўйича хизмат хақи нархларни тартибга солиш идоралари билан келишилган ва декларация қилинган.

Ҳозирги пайтда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ билан биргаликда ишлаб чиқилган Лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш приборларига қўйиладиган техник талабларни тасдиқлаш ишлари якунланмоқда. Бунда талабларни ишлаб чиқиш вақтида приборларнинг замонавий талабларга мувофиқлиги, маҳаллий иқлимий шароитларда ишлашида ишончлилиги ва узоқ муддат хизмат қилиши, Ўзбекистон Республикасида табиий газ назоратининг автоматлаштирилган тизимига интеграцияси асосий мезонлар бўлди.

Ҳисобга олиш приборларида истеъмол қилинган ҳажмнинг атроф муҳит ҳароратига кўра тўғриланиши, электр энергияси ёки табиий газнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида, ҳисоблагич ҳолати тўғрисида масофадан маълумот узатиш имкони, қарздорлик юзага келган ҳолда энергия ресурслари узатилишини блокка тушириш имкони, ўз-ўзини диагностика қилиш, кутилмаган вазиятлар юзага келган ҳолда, бузилганда, санкцияланмаган кириш ҳолатида авариявий сигналлар узатиш имкони ва бошқа функциялар мавжуд.

"Ўзстандарт" агентлининг худудий марказлари ҳамда маиший ҳисоблагичларни қиёслашга қабул қилиш шахобчалари ҳақида маълумот.