Бугунги кунда, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан маҳсулотларни сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларига оид 22 та давлатларнинг миллий идоралари билан икки томонлама ҳамкорликка асосланган манфаатли келишувлар имзоланди.

Шу билан бирга, Республикамизда 534 та синов лабораториялари мавжуд бўлиб, шундан 45 таси озиқ-овқат махсулотларини синашга ихтисослашган.

Агентликнинг Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятидаги озиқ-овқат лабораториялари халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Ҳозирги кунда 29 та (12 та лаборатория, 1 та СИ, 11 та СМТ ва 5 та ПОИ) мувофиқликни баҳолашда иштирок этувчи органлар халқаро аккредитациядан ўтказилди. Ушбу органларнинг берган сертификатлари дунёнинг 89 та давлатида тан олинади.

Ҳозирги кунда Республикамизда 6239 та корхоналарида сифат менежменти тизимлари жорий этилди, шундан 1964 таси озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этди.

Жорий йил 28 ноябрь ҳолатига жами 3,5 мингдан зиёд халқаро стандартлар қабул қилиниб амалиётга киритилди, жумладан Европа Иқтисодий Комиссиясининг (ЕЭК ООН) мева, сабзавот ва қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тегишли бўлган 100 дан ортиқ стандартлари қабул қилинган.

2017 йилда иқтисодиётимиз тармоқларида 613 та ҳалқаро стандартлар қабул қилиниб, жорий этилди.

Маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш учун стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация сохаларида алоҳида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, хорижий экспертлар (Германия, Туркия, Франция, Беларусь) хулосалари олинди.

Жорий йилда 451 та раҳбар ва мутахассисларнинг соҳа бўйича малакаси оширилди, шундан ҳориж тажрибасини ўрганиш мақсадида 89 та мутахассис Корея, Малайзия, Хитой, Туркия, Россия, Беларусь давлатларида амалиёт ўтаб келди. Улардан 12 нафари ҳалқаро эксперт-аудитор унвонига эга бўлдилар.

Қўшимча равишда, 200 нафар ёш, иқтидорли ходимларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Биринчи босқичда, ушбу мутахассислар Хитой ва Туркия давлатларига амалиётга юборилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 апрелдаги 122-сон қарорига мувофиқ, экспорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари мажбурий сертификатлаштириш тартиби бекор қилинган. Аммо, экспорт қилинаётган мамлакатларда фитосанитария сертификатлари талаб этилади.

2018-2020 йилларда яна 1500 та ҳалқаро стандартлар қабул қилинади.