Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 мартдаги 160-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад, техник регламентларга риоя қилиш устидан самарали давлат назоратини, маҳсулотни мажбурий сертификатлаштириш қоидалари сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари томонидан бузилмаслиги учун уларнинг масъулятини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларининг нормаларини тўлақонли амалга оширишни таъминлашдир.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурлиги

“Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг
22 ва 26- моддаларига мувофиқ техник регламентларга риоя этиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир. Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Бироқ ҳозирги кунгача техник регламентларга риоя этмаган шахслар жавобгарлиги қонунчиликда кўзда тутилмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 22 ва 23-моддаларида сертификатлаштириш органларига, синов лабораторияларига (марказларга) ва ишлаб чиқарувчиларга (тадбиркорларга) сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Бироқ, МЖтКнинг 214-моддасида фақатгина тайёрловчиларга (тадбиркорларга) маҳсулотни мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ушбу қоидалари сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлар) томонидан бузилган ҳолларда эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда уларни маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилмаган.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва юқорида қайд этилган “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126, 152, 153, 173, 212, 214 ва 265-моддаларига қўшимчалар киритиш таклиф этилади, хусусан, техник регламентлар талабларини, шунингдек, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш органлари  ва аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлар) томонидан сертификатлаштириш қоидалари бузилганлиги учун жавобгарликни белгилаш мақсадга мувофиқ.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг асосий мазмуни

Ушбу Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126, 152, 153, 173, 212, 214 ва 265-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Хусусан:

126, 152, 153, 173, 212-модда нафақат стандарт талабларини бузганлик учун, балки техник регламент талабларини бузганлик учун ҳам қўлланилади;

Ўзбекистон Республикасида стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар тоифасида мавжуд бўлмаган “тармоқ стандарти” ва “техник шартлар” атамалари чиқариб ташланади;

214-модда талаблари нафақат ишлаб чиқарувчиларга (тадбиркорларга), балки сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораторияларига (марказларга) нисбатан ҳам қўлланилади.

265-модда талаблари, нафақат стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органлар номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш, балки техник регламентларга ҳам риоя қилиниши, мазкур соҳадаги хуқуқбузарликларни ҳам кўриб чиқиш ва маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига киритилган ўзгартиришлар Кодекснинг умумий концепциясини ўзгартирмайди.

Кутилаётган натижа

Қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгартиришлар маҳсулотлар, жараёнлар, ишлар ва хизматларнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлилигини ошириш масалаларида истеъмолчилар ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.