Одамзотнинг юраги гарчанд муштдеккина бўлсада, дунёдаги жамийки қувончу-ташвишларни ўзида сиғдира олиш қудратига эга. Шунинг билан бирга ҳар доим беҳаловат ҳаракатланади. Биз ҳаётнинг бахтли лаҳзаларидан қувонганимизда, шубҳасиз жажжи юрагимиз хурсанд бўлиб, унинг  уришларида  ҳам  ўзгача  жўшқинлик  ва  шижоаатни  ҳис  этамиз.

Аксинча, турмуш  фақатгина қувончлардан ташкил топмаганидек, баъзида катта-кичик ташвишлардан чарчаганимизда ёки кимдандир кўнглимизга оғир ботадиган гапларни эшитсак қалбимиз хуфтон бўлиб, беихтиёр юрагимизнинг аввалги дадил ҳаракатлари сусайиб, ўзимиздаги тушкунлик  кайфияти  юрагимизга  ҳам  кўчади.

Ана шундай дамларда бироз фурсат топиб, онамиздек азиз ва меҳрибон  бўлган  табиат  бағрида  бўлишнинг  ўзгача гашти  бор. Кўкка бўй чўзиб турган азим чинорлар, совуқлардан безиб, баҳорга талпинаётган гулу-райхонлар, шўх-шодон сайраётган қушларнинг овозлари беихтиёр кўнгилларимизга илиқлик бахш этади.

Баҳор.  Унинг қутлуғ ташрифини интиқлик билан соғиниб, яхши тилакларни дилларига  жо  этиб  қарши  олмаган  инсоннинг  ўзи  бўлмаса  керак.

Айниқса, кўклам қиру-адирликларга  ўзининг ям-яшил либосини ташлаганида кўзларимиз олдида бахмалсойнинг манзаралар гавдаланади.

Шунда беихтиёр, яна баҳор келди, сени сўроқлаб деган машҳур мисралар кўнглимизни банд этади. Ҳа, бу йил ҳам кўкламнинг нафаси дилларимизга  ўзгача  бир файзу-таровват олиб киришга шайланмоқда. Яна бизларни  соғиниб, соғинтириб  Баҳор эпкинлари келмоқда....

Айтиш жоизки, жонажон юртимизга бу йилги баҳорнинг келиши жудаям  файзли,  таровватли лаҳзаларни ҳадя этади. Халқимизнинг кўтаринки кайфиятига  мос  равишда баҳор фасли ҳам ўзининг меҳрга тўла ёмғирлари  ва  мўътадил  ҳаволарини  дариғ  тутмайди  деб  ният  қиламиз.

Баҳорнинг ташрифи эса, хотин-қизлар байрамга ҳамоҳанг тарзда нишолланади. Шунинг учун ҳам Баҳор ва Аёл сўзлари ёнма-ён ёзилади. Улар бир-бирларини  маънан  тўлдирадилар.

“Ўзстандарт” агентлигида ҳам баҳорни муносиб кутиб олиш ва хотин-қизларимизнинг байрамларини ўзгача кайфият билан нишоллашга қизғин ҳозирлик  кўрилмоқда.

Ўйлаймизки, ҳали ҳаммаси олдинда. Фурсатдан фойдаланиб “Ўзстандарт” агентлиги раҳбарияти ва ходимлари номидан барчангизни яқинлашиб  келаётган  баҳор  байрамлари  билан  табриклаймиз.

Юракларимизни, қалбларимизни  бир  умр  баҳорий  кайфият  тарк  этмасин.

 

Абдурауф Расулов. “Ўзстандарт” агентлиги Матбуот хизмати раҳбари.