Одамзот табиатнинг бағрида дунёга келиб, улғаяди. Биз нима учун боғларни севамиз ва унинг бағрида бўлишга интиламиз. Чунки у ерда асл гўзаллик ва бизни кайфиятимизни кўтарадиган тоза ҳавоси  бор.

Биз нима учун юксак тоғларга талпинамиз. Сабаби чўққилар ва кўз илғамас қояларда улуғворлик ва бағрикенглик яширинган.

Биз айни баҳор кезларида нима сабабдан чўлларга боргимиз келаверади. Боиси у ерда биз бепоён кенгликларни кўриб, кўзларимиз қувнайди ва энг муҳими, қишнинг изғиринли кунларидан толиққан ва баҳорнинг илиқ тафти ёрдамида кўкка бўй чўзаётган ранг-баранг шифобахш ўсимликлар олами бизни ўзига маҳлиё этади.

Бундай омилларинг барчаси баҳор кунлари ва Наврўз байрами айёми лаҳзаларида яна бир бор ўз маъно-мазмуни билан юракларимизни банд этади.

 Дарвоқе, Наврўз инсониятнинг энг қадимий байрамларидан бири ҳисобланади. Бу кундуз ёғдуси тун қоронғилигидан устунлик қила бошлаган, Қуёшнинг қуввати инсонлар қалбига кириб келган фасллар келинчаги Баҳор ва кучга тўлиб келаётган табиатдаги шодланиш ва руҳланиш ҳиссини уйғотадиган даврдир.

Наврўз – Қуёшнинг йиллик ҳаракатланишига асосланган Янги йил байрамидир.

Буюк аждодимиз – мутафаккир олим Абу Райҳон Беруний Наврўзга жуда аниқ таъриф берган: Янги йилнинг биринчи куни бўлган Нав­рўз форсчада ҳам бир хил маънога эга. Аввал у Қуёшнинг энг жазирама даври – саратонга ўтишига мос келган. Кейинчалик ортга сурилган ва эндиликда баҳорга тўғри келади. У бутун йилга хизмат қилувчи вақт, яъни баҳорда, ёмғирнинг илк томчиси, дарахтлар гуллаши ва мевалар етила бошлашини аниқ мисоллар ёрдамида очиб берган.

Айни кунларда Республикамизнинг шаҳару-қишлоқларида Наврўз шодиёналари кезиб юрибти. Халқимиз дошқозонларда сумалакларни дамлаб, бир-бирларига улашмоқдалар. Халқ ўйинлари, лапарлар ва бошқа шунга ўхшаш миллий урф-одатларимиз яна бир бор эсга олинмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, “Ўзстандарт” агентлиги раҳбарияти ва жамоаси халқимизни Наврўз байрами билан чин юракдан табриклайди. Ҳар кунимиз қувончларга,  баҳорларга ва Наврўзларга бой бўлсин!