Бир куни Ҳазрати Абдухолиқ Ғиждивонийга савол бердилар: “Дилнинг фароғати нимадан ҳосил бўлур?” Ҳожа буюрдиларки, дилнинг фароғати - унинг тасфити - яъни поклигидадур. Агар ул дилга дунё молидан заррае тамаъ бўлмаса, дил фароғатда бўлур.

Маърифатли бобомизнинг ўгитларидан шуни англаш мумкинки, инсоннинг маънавияти,  ва камолоти фақатгина кўнгил поклиги ва уни маърифат нурлари билан озиқлантириш орқалигина амалга оширилар экан.

“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори томонидан тасдиқланган режа-дастурига асосан, ҳафтанинг жума кунлари “Маънавият соати” ташкил этиб келинмоқда. Навбатдаги учрашувга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг тажрибали диктори Муслимбек Йўлдошев таклиф этилди.

Маънавият соатида М.Йўлдошев сўзга чиқиб, бошқа соҳалар қатори “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги ислоҳотлардан яхши хабардор эканлигини айтиб, бундай учрашувларни ташкил этилгани ходимлар орасида, умуман иш жараёнида ижодий ва ижобий муҳитнинг яхшиланишига олиб келишини таъкидлади.

Халқимиз ардоғидаги тажрибали сухандон М.Йўлдошев ходимларга ўзининг дикторлик фаолияти ва  сўнгги йилларда яратилган шеърлари ҳамда ўнгга яқин ёзган китоблари ҳақида гапириб берди.

Учрашув давомида “Ўзстандарт” агентлиги ходимлари М.Йўлдошевдан шеърлар тинглаш билан бирга ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олдилар.