Унда журналистлар учун “Республикамизда маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни халқаро даражада тан олинишида миллий органларнинг ўрни” мавзуси юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

 Матбуот анжуманида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг Матбуот хизмати раҳбари А.Расулов, ҳамда “O’zbek Turk Test Markazi” қўшма корхонаси директори М.Ҳамзаев ва бир қатор масъул ходимлар иштирок этдилар.

Дастлаб ОАВ лари ходимларига қўшма корхона фаолиятидаги устивор йўналишлар ва маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимлари хусусида кўргазмали маълумотларнинг тақдимоти ташкил этилди.

Республикамизда тадбиркорларга қулайликлар яратиш, маҳсулот ва хизматларни халқаро стандарт талабларига асосан мувофиқлигини баҳолаш мақсадида «Ўзстандарт» агентлиги ва Турк Стандартлари институтути ҳамкорлигида янги замонавий жиҳозланган ҳамда халқаро талабларга тўла жавоб берувчи «O`zbek-Turk Test Markazi» ташкил этилган.

Ҳозирги кунда «O`zbek-Turk Test Markazi»қўшма корхонасида:

  • Маҳсулотларни сертификатлаштириш идораси (СИ);
  • Сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси;
  • Синов лабораториялари мажмуаси (СЛМ) фаолият юритиб келмоқда.

Маҳсулотларни сертификатлаштириш идораси:

  • енгил саноат маҳсулотлари (тўқимачилик ва пойафзал маҳсулотлари, болалар ўйинчоқлари ва коляска, идиш-товоқ маҳсулотлари, мебель, спорт анжомлари ва инвентарлари);
  • электротехника маҳсулотлари  (хўжалик электр жиҳозлари, кичик кучланишдаги электр аппаратлари, светотехника маҳсулотлари, аккумуляторлар ва электр технологик жиҳозлар);
  • машинасозлик маҳсулотлари (жўмраклар, клапанлар, қозонлар, велосипедлар, резинали шланглар ва фильтрлар) каби маҳсулот турлари сертификатлаштирилмоқда.

Сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси

Хизмат кўламини ошириш  мақсадида, қўшма корхона таркибида сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси ташкил этилди, ҳамда ушбу сертификатлаштириш идорасида кўрсатилаётган хизматларнинг халқаро тан олинишини таъминлаш мақсадида, Халқаро аккредитатлаш форуми (IAF) аъзоси ҳисобланган Туркия аккредитатлаш ташкилоти (ТУРКАК) томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Ҳозирда идора томонидан ISO 9001:2015 ҳалқаро стандартига 70 дан зиёд корхоналар сертификатлаштирилди.

Синов лабораториялари мажмуаси (СЛМ)

Аккредитатланган Синов лабораториялари мажмуаси (СЛМ) таркибида замонавий халқаро стандарт талаблари асосида жиҳозланган қуйидаги синов лабораториялари мавжуд:

  • тўқимачилик ва пойафзал маҳсулотларини синаш лабораторияси;
  • электр-хўжалик моллари ва кичик кучланишдаги аппаратларни синаш лабораторияси;
  • ўйинчоқ ва турли хилдаги идиш-товоқ маҳсулотларини синаш лабораторияси.

 Республикамизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотларининг сифатини халқаро стандартлар талаблари асосида синаш ва синов натижаларининг халқаро тан олинишига эришиш мақсадида  “Тўқимачилик маҳсулотларини синаш лабораторияси” Туркиянинг аккредитатлаш ташкилоти (ТУРКАК) томонидан ISO 17025 «Синов ва калибрлаш компетентлигига қўйилган умумий талаблар» ҳалқаро стандарти талабларига мувофиқ аккредитация қилинди.

“Тўқимачилик маҳсулотларини синаш лабораторияси” халқаро аккредитация гувоҳномасига мувофиқ қуйидаги синовларни халқаро синов методларига кўра амалга оширади:

  • ISO 2060 “ипларнинг чизиқий зичлиги”;
  • ISO 2062 “ипларнинг узилиш кучи, узилишдаги узайиш”;
  • ISO 2061 “ипларнинг бурамлар сони”;
  • ISO 16549 “ипларнинг диаметри бўйича нотекислиги, ҳамда 1000m узунликдаги қалин, ингичка ва нуқсонлар сони”;
  • ISO 12863 “ипларнинг туклилиги фотоэлектрик усул” ёрдамида синовларни амалга оширмоқда.

TURKAK Европа аккредитация ташкилоти - EA, Халқаро аккредитация форуми - IAF ва Лабораторияларни халқаро аккредитация қилиш қўмитаси – ILAС каби нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо. Бу эса «O'zbek-Turk Test Markazi» қўшма корхонаси сифат менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси ва синов лабораториясининг мустақиллиги ва холислигини таъминлаб, берилаётган мувофиқлик сертификатлари ва синов баёномалари натижалари нафақат ички бозорларда балки жаҳон бозорларида тан олиниш имконини бермоқда.

Ҳалол белгиси остида маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш

Қўшма корхона ўз фаолиятида юқоридагилар билан чегараланиб қолмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3377-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, республикамизда “Ҳалол” стандартларини қабул қилиш, корхоналарга жорий қилиш ва “Ҳалол” белгиси остида маҳсулотларни сертификатлаштириш ишлари “Ўзстандарт” агентлиги номидан Турк стандартлари институти (TSE) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари – ҳалол стандартига мувофиқ ислом қоидалари ва меъёрларига биноан истеъмолга рухсат этилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (OIC), Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC)га аъзо бўлган, ҳамда Ҳалол сертификатлаштириш соҳасида бой тажрибага эга Турк стандартлари институти (TSE) техник кўмаги остида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

  • Биринчидан, “Ҳалол” стандартини жорий этишнинг аҳамияти ва халқаро савдодаги ўрни” мавзусида халқаро экспертлар иштирокида ўқув семинари ташкил этилди ва семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК, «Ўзбекозиқовқатзахира», «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.
  • Иккинчидан, ушбу ишларни самарали давоми сифатида жорий йилнинг феврал ойида сертификатлаштириш идораларининг 20 нафар мутахассисларига “Ҳалол” стандарти талабларига мувофиқ маҳсулот ва хизматларни Ҳалол белгиси остида сертификатлаштириш талаблар бўйича 5 кунлик ўқув курси ташкил этилди.
  • Учинчидан, ҳозирда қўшма корхона томонидан 20 га яқин ишлаб чиқариш корхоналарининг мурожаатига мувофиқ уларни маҳсулотларини “Халол” белгиси остида сертификатлаштириш мақсадида, корхоналарда Ҳалол стандартини жорий қилиниши, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарига “Ҳалол” стандартини талаблари ва айрим турдаги маҳсулотларни даврий синовларини амалга оширишда синов лабораторияларини ташкил этиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда “Ҳалол” стандартини жорий қилишнинг асосий меъзони ҳисобланган ISO 22001 “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича бошқарув тизимлари” халқаро стандартини корхонага жорий қилишда амалий ёрдам бериб келмоқда.

Турк стандартлари институти (TSE) мутахассисларини жалб этган ҳолда қўшма корхонада Ҳалол сертификатлаштириш идораси ташкил этилмоқда ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (OIC), Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) доирасида Туркиянинг Истанбул шаҳрида очилаётган Ҳалол аккредитация ташкилотидан аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган.

Матбуот анжумани ниҳоясида журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди.