Дунёда ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир давлат энг аввало коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради.

Акс ҳолда, бундай жирканч иллатларнинг томир отишига йўл берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.

Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқимизни ҳаётдан рози қилиш ва энг муҳими, давлат идоралари бевосита халқ ичига кириб бориб, муаммолар билан танишаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Албатта бу жараёнда раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ва ўзига билдирилаётган ишончни оқлаш ҳамда таъмагирликка йўл қўймаслик борасида кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Республикамизда бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамасдан минг афсуски, айрим раҳбарлар орасида коррупцияга берилиш, таъмагирлик ҳолатлари учраб тургани кишини тааъжубга солади.

Қонунларни билмаслик бирор кишини жазодан қутилишига баҳона бўлолмайди. Кимдир билиб, кимдир билмасдан деганларидек бундай салбий иллатларнинг кўчасига кириб қолганликларини сезмай қоладилар. Ачинарли томони шундаки, айрим нуфузли мансаб курсисида ўтирганлар била-туриб коррупцияга, порахўрликка, таниш-билишчиликка берилиб кетаётгани ижтимоий ҳаётимизга жиддий хавф солмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов томонидан тасдиқланган режа-дастурига асосан  агентлик тизимидаги ташкилотларда тизимли равишда “Коррупция тараққиёт кушандаси” мавзусида учрашув ва семинарлар ташкил этиб келинмоқда.

Ана шундай учрашув яқинда Қорақолпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида ташкил этилди. “Ўзстандарт” агентлигининг Қорақолпоғистон Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ва Синов ва сертификатлаштириш маркази ходимлари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг Матбуот хизмати раҳбари А.Расулов, юрисконсульт Э.Раҳмонов ва Республика синов ва сертификатлаштириш марказининг бош мутахассиси Н.Мухитов ҳамда Қорақолпоғистон Республикаси прокуратураси ва  ички ишлар бошқармасидан ҳам вакиллар қатнашдилар.

Семинар ишида юртимизда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш, ходимлар орасида соғлом муҳитни яратиш, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатишнинг истиқболлари ҳақида маълумотлар берилди.

Ахборот хизмати