“Ўзстандарт” агентлиги  журналистлар учун навбатдаги матбуот анжуманида Республикамизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавсизлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари хусусида батавфсил маълумот  берди.

Матбуот анжуманида Республика синов ва сертификатлаштириш марказининг бир гуруҳ масъул ходимлари иштирок этдилар. Учрашувни “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг матбуот хизмати раҳбари А.Расулов кириш сўзи билан очиб, белгиланган мавзунинг нақадар муҳим ва долзарблигига алоҳида эътибор қаратди.

Шундан сўнг Республика синов ва сертификатлаштириш маркази директори А.Зокиров сўзга чиқиб, журналистлар учун юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлари ёритилган кўргазмали маълумотлари ёрдамида ахборот берди.

Матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирда Республика синов ва сертификатлаштириш маркази ва унинг тизимидаги 16 та ҳудудий марказлари вилоятларда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 22 та идора ва муассасалар, 56 та синов лабораторияларини иш фаолиятини бошқаради ва мувофиқлаштиради.

 “Ўзстандарт” агентлигига қарашли “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази”  Давлат корхонаси ва унинг ҳудудий марказлари  томонидан, республикамизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштириш жараёнида, уларнинг меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда савдо расталарида сотилаётган маҳсулотларнинг сифати бўйича истеъмолчилардан турли шикоятлар келиб тушмоқда. 

 “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” Давлат корхонаси ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси”нинг 2018 йил май-сентябр ойларига мўлжалланган мониторинг қўшма режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режага асосан  ҳамда фуқароларнинг кўп сонли мурожаатларини инобатга олиб, июнь ойида Тошкент шаҳри бозорларидаги савдо шахобчалари ва йирик савдо тармоқларидан назорат харидлари амалга оширилди.

Республика маркази ходимлари томонидан уч гуруҳга мансуб сут маҳсулотлари, жумладан қуюлтирилган сут, музқаймоқ ва юмшоқ сыр (пишлоқ) назорат тартибида харид қилиниб, Марказ қошидаги кимё-биология лабораториясида Республика санитар-эпидемиологик станцияси хамкорлигида хавфсизлик ва сифат кўрсатикичлари бўйича синовдан ўтказилди. 20 та маҳсулотдан 13 тасининг кўрсаткичлари меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.

Масалан, текширувдан ўтказилган 6 турдаги пишлоқ маҳсулотларидан 3 тасида бегона (ёқимсиз) ҳид, ёпишқоқ консистенция, юқори даражадаги зичлик ва бошқа камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Текширувдан ўтказилган 8 турдаги қуюлтирилган сут маҳсулотларининг 5 тасида меъёрий хужжатлар талаблари, жумладан озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари қайд этилди.

Жумладан, темир банкаларга қадоқланган қуюқланган сут (сгушенка) маҳсулотларида шакар кристаллари миқдорининг рухсат этилган меъёрлардан юқори эканлиги, бундан ташқари, “ичак таёқчалари” (кишечная палочка) бактериялари гуруҳига кирувчи (ИТБГ) бактерияларининг мавжудлиги аниқланди. (Ушбу патоген таёқчалар одамнинг ошқозон-ичак трактига тушгудай бўлса, катта ёшдаги кишиларда ва ёш болаларда ичак инфекцияси касаллиги ва гемолитико-уремик синдромини чақириши хавфи юзага келади. Ичак инфекцияси геморрогик колит, энтерит, овқатдан захарланиш ва “сайёх диареяси” кўринишида бўлиши мумкин).

Олти турдаги музқаймоқ маҳсулотлари текширувдан ўтказилганда буларнинг учтасида ёғларнинг умумий улуши,маҳсулотларнинг ёрлиғида  кўрсатилганидан кам эканлиги аниқланди.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Ахборот хизмати