Матбуот анжуманида Андижон Синов ва сертификатлаштириш маркази директори Илёсбек Қосимов ва бир қатор масъул ходимлар иштирок этиб, Марказ томонидан Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ” ги 2935 – сонли Қарори асосида бир қатор ишлар бажарилаётганлигига эътибор қаратдилар. 

Марказ фаолиятида энг аввало, вилоятдаги корхоналарда замонавий сифатни бошқариш тизимларини кенг жорий қилиш, биринчи галда экспортёр-корхоналарда  ва халқаро стандартларга мувофиқ  саноат маҳсулотларини сертификатлаштириш ва аҳоли ва тадбиркорлар учун имкониятлар яратишга эътибор қаратилмоқда.

Андижон маркази қошидаги сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш идораси 2010 йилда ташкил қилинган бўлиб, дастлаб ИСО 9001 серияли халқаро стандартларга мувофиқ сифат тизимларини сертификатлаштириш бўйича иш олиб борган бўлса, бугунги кунга келиб озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик менежмент, саломатлик ва касбий хавфсизлик, энергоменежмент бўйича халқаро стандартлар талаблари асосида миллий тизимда сертификатлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар идора томонидан 332 дан ортиқ вилоятдаги ва унинг ташқарисидаги ишлаб чиқариш корхоналарида жорий этилган менежменти тизимлари сертификатлаштирилган.

Халкаро аккредитациядан ўтгандан сўнг сертификатлаштириш имкониятлар жухрофияси ҳам кенгайди. Бугунги кунда нафақат Фарғона водийсида, балки Республикамизнинг бошқа воҳаларида яъни, Тошкент, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари корхоналаридан  ҳам ИСО 9001:2015 халқаро стандартлари талаблари бўйича жорий этилган тизимни сертификатлаштиришга Буюртмалар қабул қилиниб, сертификатлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2018 йилнинг бугунги кун ҳолатига, вилоят бўйича 588 та  корхонада менежмент тизими жорий этилган бўлиб, бу кўрсаткич жорий йил охиригача  660 та га етказилади.

Булардан ташқари Марказ томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қанча истиқболли режалар ишлаб чиқилмоқда.

Масалан, Қўрғонтепа туманида “Электр тармоқлари” корхонаси ҳудудида  ўлчов воситаларини қабул қилиш ва тарқатиш шахобчаси ташкил қилинди ва бугунги кунгача 1165 дона газ ва 1284 дона электр ҳисоблагичлари қиёслашдан ўтказилди. Бу ишлар тизимли давом эттирилади.

Балиқчи туманида эса “Газтаъминоти” корхонаси ҳудудида 2018 йилда ўлчов воситаларини қабул қилиш ва тарқатиш шахобчаси ташкил қилиш режалаштирилган ва бугунги кунда ажратилган хоналарни таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Журналистлар  учрашув сўнггида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.