Пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган корхоналарда «Ўзстандарт» агентлигининг ташаббуси билан  стандартлаштириш метрология, сертификатлаштириш ва сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш соҳаларини ривожлантиришга оид  ўқув семинари ташкил этилди.      

Республикамизда маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарда стандартлаштириш метрология, сертификатлаштириш ва сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш соҳаларига оид янгиликларни,  шунингдек  хукуматимиз томонидан бугунги кунда  ишбилармонлар ва тадбиркорлик субъектлари учун берилган имтиёзларни тушунтириш мақсадида  2016 йил 15 ноябр куни Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокимлиги биносида  50 га яқин маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари иштирокида семинар ташкил этилди.

Семинар давомида иштирокчиларга сифат тизимларини жорий этиш соҳасига доир тарқатма материаллар  берилди.

Семинарни Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори ўринбосари М.Ғафуров очиб берди ва у ўз сўзида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Республикадаги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Ундан сўнг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси раҳбари А.С.Аллаберганова сўзга чиқиб, хозирда халқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш ахамияти ҳамда стандартлаштириш метрология, сертификатлаштириш ва сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш соҳаларига оид қонун ва қонун ости ҳужжатлари ҳақида сўзлади.

Шунингдек, семинар давомида Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси сифат тизимларини жорий этиш бўлими бошлиғи Л.Х.Бобоев бугунги кунда халқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этган корхоналар учун ҳукумат томонидан берилган имтиёзлар тўғрисида  батафсил маълумот берди.