Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 октябрдаги 298-сонли “2020 йилгача бўлган даврда сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан, ҳозирги кунда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Андижон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси қошида, машинасозлик ва электротехника махсулотларининг   даврий синов ва сертификатлаштириш ишларини амалга оширувчи замонавий синов лабораториясини яратиш лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Юқори аниқликда ишловчи синов ускуналари ва ўлчов воситалари билан таъминланган замонавий синов лабораториясининг яратилиши нафақат Андижон вилояти, балки бутун Фарғона водийси учун муҳимдир. Шу билан биргаликда бу лойиҳа, синов лабораторияси томонидан расмийлаштирилган синов баённомаларининг халқаро даражада тан олинишига эришиш имкониятини беради.

Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда асосан автомобиль саноати билан шуғулланувчи корхоналар учун 2000 хилдан ортиқ махсулотларни ишлаб чиқарувчи 100 дан ортиқ корхоналар фаолият юритиб келмоқда. “GM Uzbekistan” АЖ учун бутловчи қисмларни етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг ортиши муносабати билан шунингдек бошқа автомобил саноати истеъмолчиларининг кўпайиши туфайли, машинасозлик маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлигини баҳоловчи синов лабораториялари мажмуасига эҳтиёж юқори.

Ушбу лойиҳа асосида қурилаётган лаборатория халқаро стандартларга жавоб берувчи ва шу билан биргаликда бошқа лабораторияларда фойдаланиб келинаётган ускуналарга қараганда техник кўрсаткичлари бўйича кўпроқ афзалликларга эга бўлган 49 та янги ва замонавий ускуналар билан жиҳозланади.