2016 йилнинг 8 декабрида Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Давлатлараро Кенгашининг 50-йиғилишида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.А.Хаитовнинг Россия Федерацияси техник тартибга солиш ва метрология агентлиги (Росстандарт) Раҳбари А.В.Абрамов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Айтиб ўтиш жоизки, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик Давлатлараро стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш Кенгаши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Россия Ҳукуматининг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги битими доирасида амалга оширилади.

Идора раҳбарлари Москва шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги кундаги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди.

Жумладан, икки томонлама эталон бирлик катталиклари солиштирувларини ўтказиш ишларини фаоллаштириш ҳақида келишиб олинди.

Ўлчов бирликларини таъминлаш соҳасидаги ишлар бўйича методик маслаҳат ўтказиш масаласи муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди.

Метрология ва стандартлаштириш соҳаларида илмий ходимларни амалиёт ўташлари ва қиёсловчиларни ўқитиш, ўлчов воситаларини қиёслашни ташкиллаштириш, эталон базасини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек томонлар Россия Федерациясининг миллий стандартларини Ўзбекистон Республикасида амалда қўллашни муҳокама қилдилар. 

Учрашувда тегишли фаолият соҳаларидаги иккита мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги идоралараро Меморандумни тайёрлаш ва имзолашга асосий эътибор қаратилди.