Метил спиртининг инсон организмига хавфи!

Метил спирти (метанол) – барча спиртлар орасидаги юқори токсик боғларга эга бўлган спиртдир. У одам организмида этил спиртига нисбатан секинроқ оксидланади, оксидланиш натижасида тури хилдаги заҳарли моддалар ажралиб чиқади.

Метил спирти ошқозон ва ичакда тез сўрилади. Метанолнинг деярли 90% жигардаги алкогольдегидроген ферменти ёрдамида метоболизга учрайди, натижада юқори токсикликка эга бўлган формалдегид ва чумоли кислотаси ажралиб чиқади. Шу боис, метанол асаб ва қон-томир тизимларига кучли таъсир қилувчи захарли модда ҳисобланади. Метанолнинг токсик таъсири марказий асаб тизимини, модда алмашинуви тизимини бузилиши (организмдаги кислота ва ишқорийлик балансини бузилиши), кўриш тизими нерв ҳужайраларига жиддий зарарлар етказади.

Метанол буғидан нафас олгандаги ўткир захарланиш ҳоллари кам учрайди. Уни истемол қилиш хавфлилик даражаси: 5-10 мл истемол қилинганда кучли захарланиш ва кўрликни, 30 мл истемол қилинганида эса ўлим ҳолатига олиб келади.

Ўткир захарланиш ҳолатларида чанқаш, кучли бош оғриғи, кўриш қобилиятини кескин бузилиши ёки умуман кўрмаслик холлари; оғирроқ холларида - цианоз (тери ранги ва шиллиқ қаватидаги ўзгаришлар), нафас олишни қийинлашиши, кўз қорачиқларини кенгайиши, судороги ва нафас олишини тўхтаб қолиши натижасида ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Кўп миқдорда истемол қилинганда захарланишда 2-3 соат ичида ўлим холатига олиб келади.

Сурункали заҳарланишда бош айланиши, бош оғриғи, уйқусизлик, ҳолсизлик, ошқозон-ичак тизимини яллиғланиши, жигар ва юрак сохаларида оғриқлар сезиш, кўриш  тизимини  ёмонлашиши  ҳолатлари кузатилиши мумкин.