Пойтахтимизда “Менинг армиям – менинг фахрим!” деб номланган кўргазма очилди

Тошкент Фотосуратлар уйида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Менинг армиям – менинг фахрим!” деб номланган танлов-кўргазма ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган кўргазмада юзга яқин ижодий ишлар намойиш этилди. 
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари М.Солиев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Ф.Тошмуҳамедов ва бошқалар мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шаклланганини таъкидлади. 
– Бу каби танловлар ҳарбий хизматчиларни Ватанга муҳаббат, танлаган касбига садоқат руҳида тарбиялаш, юксак жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ўқув ва хизмат интизомига риоя зтишини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчиси Шавкат Исматов. – Ҳар бир ижодий ишда миллий армиямизнинг куч-қудратини янада ошириш, халқ ва армия бирдамлигини мустаҳкамлаш каби ғоялар мужассам. 
Мазкур танловдан кўзланган мақсад Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқларни халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборатдир. 
Профессионал ва ҳаваскор рассомлар, фотографлар ижодий ишларида мустақиллик йилларида мудофаа тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари акс эттирилган. 
Ғолиб ва совриндорларга совғалар топширилди. 

Манба: www.gov.uz