Маҳаллий хомашйодан сифатли тиббий маҳсулотлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йил 31-октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир. 

Мазкур ҳужжатда маҳаллий хомашё, жумладан, доривор ўтлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, аҳолига сифатли ва арзон дори-дармон воситаларини етказиб беришга доир муҳим йўналишлар белгиланган. 

Фарғона вилоятида ҳам фармацевтика саноатини ривожлантириш, замонавий ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016-йилда вилоятда мазкур йўналишда 5 лойиҳа амалга оширилиб, маҳаллий хомашё асосида дори-дармон воситалари ва тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жорий йилда вилоятда ўндан ортиқ фармацевтика корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. 

Бешариқ туманидаги "Бешариқ момиқ файзи" масъулияти чекланган жамияти иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган тиббиёт пахтасига бугун ички ва ташқи бозорда талаб катта. Миллий банкнинг туман филиали кредити ва тадбиркор сармояси эвазига корхонага замонавий технологиялар ўрнатилди. 

– Мамлакатимиздаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароит бизни маҳаллий хомашйодан тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ундади, – дейди корхона раҳбари Муҳаммадризо Эргашев. – Айни кунларда маҳсулотларимизни экспорт қила бошладик. 

Жорий йилда корхонага 1 миллиард 200 миллион сўмлик инвестиция йўналтирилиб, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Манба: ЎзА