Президентимиз 25 февраль куни Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди. 

“Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган, қиймати 8,7 миллиард сўмни ташкил этадиган маданият ва истироҳат боғида шаҳар аҳолиси, айниқса, болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва мириқиб дам олиши учун барча қулайликлар муҳайё қилинади. Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқариладиган замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатиш, замон талаблари асосида спорт ва болалар майдончалари қуриш режалаштирилмоқда. 

Асосий мақсадимиз – халқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир, деди Шавкат Мирзиёев. Одамлар ишдан бўш вақтида бу ерга келиб мароқли дам олса, фарзандлари, набираларининг шўх-шодонлигини кўрса, кулгуларини эшитса, ҳаётдан кўнгли тўлади, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади. 

Президентимиз боғда яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун барча шароитларни яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридаги аввалги “Насаф” стадиони ҳудудида барпо этилаётган кўп тармоқли сузиш ҳавзаси ва замонавий дам олиш мажмуаси лойиҳаси билан танишди. 

4,7 гектар майдонда қурилаётган 25х11 метр ўлчамдаги икки сузиш ҳавзаси ҳудудда сув спорти турларини янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, келажакда жаҳон ва Олимпия чемпионларини тарбиялашга хизмат қилади. 

Бу ерда яратиладиган замонавий шароитлар барчага манзур бўлиши муқаррар. Сувни тозалаш, иситиш, ҳароратни мўътадил сақлаш ускуналари ўрнатиладиган бассейнлар бу ерга келувчиларнинг сузиш маҳоратини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Ёшларимизнинг баркамол ўсиб-улғайиши учун барча шароитларни яратишимиз керак, деди Президентимиз. Шунда улар Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлади. 

Мажмуани жиҳозлашда илғор ва тежамкор технологиялардан самарали фойдаланиш, кийиниш, ювиниш хоналарида барча қулайликларни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

Давлатимиз раҳбари Жайхун кўчасида қурилаётган 5 қаватли замонавий турар жой бинолари лойиҳаси билан танишди. 

Ушбу кўчада аҳоли учун 25 та ана шундай кўп қаватли уй барпо этилади. Ҳудудда давр талаблари асосида фаолият юритадиган ресторанлар, супермаркетлар, иссиқ нон ва озиқ-овқат дўконлари, кафе ва чойхоналар, гўзаллик салонлари, сартарошхона ва автотураргоҳлар қуриш режалаштирилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев Қарши туманида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини кўздан кечирди.

“Universal max service” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион доллардан иборат. 

Корхонада замонавий технологиялар асосида йилига 180 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бугунги кунда дастгоҳлар сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Чиқиндиларни қайта ишлаш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришда муҳим омилдир, деди Президентимиз. Бу шаҳардаги санитария ҳолатини янада яхшилашда, аҳолининг саломатлигини сақлаш ва бандлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти томонидан “Rodex Trading Limited” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кукун шаклидаги антибиотик дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. 

Қиймати 5,09 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳага кўра клафоран, цефомед, гентомицин, цефазолин, цефотаксим ва бошқа турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Давлатимиз раҳбари доривор ўсимликларни қайта ишлаш, тиббий мойлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларини кўздан кечирди. 

Қашқадарё воҳасининг пурвиқор тоғлари, бепоён қиру адирларида ноёб гиёҳлар, бута ва дарахтлар сероб, деди Президентимиз. Уларни қайта ишлаш асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш ҳар жиҳатдан самарали ва истиқболлидир. Соҳада ҳар бир тадбиркорга зарур имтиёз ва қулайликлар яратилади. 

Лойиҳада тирноқгул, зубтурум, ошқовоқ уруғи, тоғ райҳони, наъматак, кийик ўти, далачой, газанда, мойчечак каби ўсимликлардан доривор чойлар, бодом, канакунжут, шафтоли, зиғир, седана, ўрик, маврак сингари бута ва дарахт меваларидан шифобахш мойлар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. 

Лойиҳани амалга ошириш натижасида юзга яқин иш ўрни яратилади. 

Президентимиз Қарши шаҳрида электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бу ерда йилига TCL бренди остида 25 минг дона замонавий телевизор, 15 минг "Samsung" чангютгичи, 100 мингдан ортиқ розетка ва электр узатгич маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. 

Маҳсулот нархини арзонлаштириш ва уларни экспортга йўналтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхона фаолиятига коллеж битирувчиларини жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Манба: ЎзА