Баҳор – бунёдкорлик фасли

Қаҳратоннинг заҳри кетиб, табиат уйғонаётган шу кунларда қуёш нури, илиқ ҳаво танага хуш ёқади. Шабада шивири қалбимизда баҳор соғинчини уйғотиб юборади гўё. Шоиру ҳофизлар куйлаган, барчамиз интиқиб кутган Наврўзи олам ташрифига саноқли кунлар қолди. 

Наврўз – энг қадимий, асл миллий ва энг ардоқли байрамимиздир. Маъно-мазмуни ва фалсафаси билан ҳаётимизга жо бўлган Наврўз яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона янги йил дебочаси, боқий қадриятлар айёмидир. Айни кунларда бутун юртимизда Наврўзи оламни улкан шодиёналар билан кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан март-апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди. Унда ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этиш, мамлакатимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишга интилади. Маҳалла ва турар жойлар, муқаддас зиёратгоҳ ва табаррук қадамжолар тартибга келтирилади, кўча ва хиёбонларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади, турфа гуллар экилади. Миллати, тили, диний эътиқодидан қатъи назар, диёримиздаги барча фуқаролар ҳамжиҳатликда ўтказадиган бундай эзгу ишлар жамиятимиздаги ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Кўкаламзорлаштириш, янги боғлар яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш баҳорнинг энг муҳим тадбирларидан. Наврўз айёмида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар туфайли юртимизда боғ-роғлар тобора кенгаймоқда, шаҳару қишлоқларимизда сўлим гўшалар, хиёбонлар, истироҳат боғлари барпо этилмоқда. 

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари бошлаб юборилган. Фарғона вилояти шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам ҳашарлар ташкил этилиб, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

– Ўзбекистон баҳори ободлик, бунёдкорлик ва яратувчанликнинг, бир сўз билан айтганда, Ватанга муҳаббатнинг энг олий кўринишидир, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова. – Бу кўриниш бир қарич ерни пайпаслаб райҳон уруғини қадаётган момо, бир туп ниҳолни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган, набираларига табиатга меҳр ҳикматини уқтираётган бобо, кўклам юмушини уйғоқ виждон ва қалб амри билан адо этишга киришган фидойиларнинг эзгу ҳаракатида намоён бўлади. 

Кейинги йилларда Фарғонада юз берган тарихий ўзгаришлар, ободончилик-кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар замирида ҳам эл учун ёниб яшамоқни шарт билган матонат соҳибларининг меҳнати мужассам. Вилоят марказида амалга оширилаётган ободлик ташаббуслари нафақат атроф-муҳит мусаффолиги, балки тинчлик-фаровонлик, ўзаро меҳр-оқибат, кўнгиллар ободлигини таъмин этмоқда. Шу кунларда кўчат экиш, боғ ва гулзор яратишдек эзгу вазифа барчанинг бурчига айланди. 

Ўтган йили Фарғона ўрмон хўжалиги томонидан 10 гектар майдонда 530 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилган бўлса, бу йил 12 гектар ерда 630 мингдан зиёд ниҳол парваришига киришилди. Ўтган йиллар мобайнида хўжалик томонидан етказиб берилган қрим соснаси, можжевельник, каштан, япон софораси, ипак акацияси, лола дарахти Фарғона кўчаларида бўй чўзди. Табиатнинг мазкур галереяларини сақлаш ва парваришлашда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг алоҳида хизмати бор. 

Шу кунларда 1 минг 278 ишчи кўкаламзорлаштириш ишларига сафарбар этилган. Шаҳарда 117 минг туп манзарали дарахт оқланиб, шакл берилмоқда. 513 минг квадрат метр майсазор тозаланди, 50 минг квадрат метр гулзор тупроғига ишлов берилди. Бошқарма тасарруфидаги иссиқхоналарда 5 турдаги 20 минг туп анвойи гул, 500 минг туп райҳон кўчати парваришланмоқда. Ҳадемай гулчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Фарғона гуллар шаҳрига, чаманзорга айланади. Ҳар куни эрта тонгдан бошлаб марказий кўчалар, катта ва кичик халқа йўлларида, Алишер Навоий, Ал-Фарғоний, Аэропорт проспектларида саранжом-саришталик юмушлари бошланади. Ҳашар ўтказилади. 

– Маҳалла аҳли ҳам ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда, – дейди “Нодирабегим” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Моҳира Мирзамаҳмудова. – Ҳудудимизда 1 минг 220 оила бор. Улар ўз хонадонлари, кўчаларини саранжом-саришта қилмоқда, кўчат ўтқазмоқда. Ёлғиз кексалар, нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинмоқда. 

Наврўз байрами олдидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётир. “Ҳашар – ёшларга ярашар”, “Яхшидан боғ қолар”, “Юртимни обод этаман” шиорлари остида ўтказилаётган тадбирлар ёшларни ҳамжиҳатлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. 

Наврўз табиатни янгилайди, яшартиради. Унинг удумлари инсон руҳиятини поклайди. Бу байрам бутун борлиқни уйғотгани каби инсон кўнглига ҳам қувонч бағишлайди, уни ҳаётга, яшашга руҳлантиради. Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган юртдошларимизнинг қалбини янги орзулар билан тўлдиради.