Ҳаракатлар стратегияси ўрганилмоқда

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси билан ҳамкорликда Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонининг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар ўтказилди. 

Тошкент темир йўл муҳандислари институти проректори Д.Баратов ва бошқалар мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратди. 

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган, беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш барчамизга янада катта масъулият юклайди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Мухторов. – Зотан, мазкур дастурий ҳужжатни ҳаётга татбиқ қилиш мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларини тубдан ўзгартиради. 

Ёшларнинг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга муносабатини шакллантириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг онгига олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда фаол фуқаролик позициясини кучайтириш масалалари тадбир иштирокчилари диққат-эътиборида бўлди. 

Давра суҳбатида Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари олдида турган муҳим вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш механизмлари ҳақида фикр алмашилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.