Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги 2-академик лицейда ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик каби иллатларни бартараф этишнинг самарали йўлларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Транспортдаги ички ишлар бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, педагоглар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбирда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 

Мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, уларга жаҳон андозалари даражасида таълим беришга хизмат қилмоқда. 

Кўрсатилаётган бундай эътибор ва рағбат ёшлар зиммасига етук мутахассис, касб-ҳунар эгаси бўлишни юклаш билан бирга, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасдан, диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият”, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашишни ҳам талаб этади. 

– Билимга чанқоқ, интизомли ёшлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди Транспортдаги ички ишлар бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таминлаш бўлинмаси инспектори Отабек Акбаров. – Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, улар орасида дарсга келса-да, белгиланган тартиб-қоидага амал қилмайдиганлари ҳам учраб туради. Профилактика тадбири давомида айрим ўсмирларнинг уяли телефонидан миллий турмуш тарзимизга зид, беҳаё лавҳалар топилди, дарсларга кечикиш ҳолатлари учради. Улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Мазкур академик лицейда тўрт юздан ортиқ ўғил-қиз таълим олмоқда. Профилактика тадбирида бир ўқувчи дарсга мунтазам қатнашмаётгани, ўн тўрт ўқувчи таълим муассасасида белгиланган тартиб-интизом қоидаларини бузганлиги аниқланди. Тадбирда ана шундай ўқувчилар билан суҳбат ўтказилиб, бу каби салбий ҳолатлар такрорланса, уларга академик лицей маъмурияти, ички ишлар идоралари томонидан тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди. 

Манба: ЎзА