Қашқадарёда Сайёр қабул

“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А. Ҳаитов навбатдаги сайёр қабулни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўтказди. Республикамиз Президенти томонидан 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дея номлангани муносабати билан агентлик Бош директори томонидан Сайёр қабул режаси тасдиқланди. Асосий эътибор, Жисмоний ва юридик шахслар билан учрашувларни кўпайтириш, уларнинг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш йўналишларидаги саволларига жавоб беришдан иборат. Қарши шиҳрида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А. Ҳаитов аҳоли ва тадбиркорларга тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва истиқболдиги вазифалар ҳақида батавфсил маълумот берди. Сайёр қабулни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тадбиркорларни қуллаб қувватлаш ва экспортга кўмаклашиш гуруҳи раҳбари С.Содиқов очиб, тадбир иштирокчилари ва кун тартибидаги масалалар билан барчани таништирди. Шундан сўнг А.Ҳаитов йиғилиш иштирокчиларига миннатдорчилик изҳор этиб, ушбу учрашув “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 2017 йил 5 январда тасдиқланган “2017 йил 1-ярим йилликда вилоятлардаги шаҳар ва туманларда жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабули жадвали” асосида ўтказилаётганлиги, “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори ва уларнинг ўринбосарлари туман ва шаҳарларда бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар билан учрашувлар ўтказишлари, улар учун махсус қабуллар уюштиришлари, мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатишлари, зарурат туғилган тақдирда Ҳукумат даражасига кўтариш лозимлигини қайд этди. Шу билан бирга, шу каби сайёр учрашувлар Республиканинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиб келинаётганлигини таъкидлаб, учрашув қатнашчиларини фаолроқ бўлишга, ўзларидаги мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин айтишга чақирди. А.Ҳаитов ўз сўзини давом эттириб, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фуқароларнинг давлат идораларига мурожаат қилиши, мақсад-муддаоларини амалга оширилишини таъминлайдиган тизим яратилаётганлиги, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани, маҳаллий ҳокимликларда “Халқ қабулхоналари”, вазирлик ва идораларда виртуал қабулхоналар ташкил этилгани ана шу мақсадга хизмат қилаётганлигини гапириб ўтди. Шунингдек, А.Ҳаитов ўз сўзида “Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, экспортда фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш” йўналишида Ҳукуматимиз томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилётганлиги, жумладан 2016 йилнинг 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони шу ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-2750-сон қарори қабул қилиниши тадбиркорликни ривожлантиришда туб бурилиш бўлганлиги тўғрисида ҳам гапириб ўтди. Тадбиркорлар учун яратилган “Ягона ойна”, “Онлайн ҳужжатларни қабул қилиш” тизимлари, вазирлик ва идораларда ўрнатилган ишонч телефонлари бизнесни ривожлантиришга, техник тўсиқларни бартараф этишга, шунингдек шаффофликни таъминлашга қаратилган. Бу борада “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинганлиги тўғрисида айтиб ўтди. Шундан кейин сайёр қабул учрашуви қатнашчиларига Қашқадарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар тўғрисидаги видео-ролик намойиш этилди. Қашқадарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Д. Ризаев сўзга чиқиб, бошқармада бугунги кунда стандартларни текшириш ва назорат қилиш ҳамда ўлчовларни ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича давлат инспекторлари, алкогол маҳсулотлари сифати бўйича давлат инспектори, меъёрий ҳужжатларни экспертизаси ва уларни рўйхатдан ўтказиш ва маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси вакили фаолият кўрсатаётганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, бошқарманинг норматив ҳужжатлари Давлат фонди юритилаётганлиги, ишлаб чиқарувчилар ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини доимий равишда меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Ахборот-маълумот консультатив марказлари ташкил этилганлиги, тадбиркорлар учун электрон кутубхона ташкил этилиб, чет эл, Давлат ва халқаро стандартлар талабларини бепул ўрганишлари мумкинлигини таъкидлади. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларга стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб борилаётганлиги, экспортёр корхоналар билан амалий кўмак бериш режаларини тузиш ва келишиш ишлари якунланаётганлигини таъкидлаб ўтди. Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори У.Амирқулов сўзга чиқиб, марказда яратилган барча қулайликлар, унинг таркибидаги бўлимлар, сертификатлаштириш идоралари, синов ва қиёслов лабораториялари томонидан аҳоли, тадбиркорлар ва кичик бизнес вакилларига кўрсатилаётган хизматлар турлари ҳақида, ўлчов воситаларини қиёслаш кўчма автомобилларда жойига чиқиб амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди. Бугунги кунда марказда маҳсулотларни сертификатлаштириш бўйича идора фаолият кўрсатаётганлиги ва унинг аккредитация доираси барча маҳсулотларга кенгайтирилганлигини таъкидлади. Шунингдек, сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш идораси фаолият юритаётганлиги ва ҳозирда уни халқаро аккредитациядан ўтказиш ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисида айтиб ўтди. Қолаверса, марказнинг электрон сайти ташкил этилган бўлиб, унда “онлайн мурожаатларни қабул қилиш” ҳамда соҳага оид маълумотларни олиш мумкинлигини айтди. Мувофиқлик сертификатларини олишда агентлик хизматларини кўрсатиш ва импорт маҳсулотларига расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатларини “ТАМЭКС” Товарларни божхона экспертизаси электрон дастурига киритилиши тадбиркорларнинг божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда вақтлари тежалиши тўғрисида, шу билан бирга сифат тизимини жорий этиш тизими, яъни корхоналарда қандай ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, сертификатлаштириш ишлари ҳамда сифат тизимининг мазмун моҳияти ва унинг афзалликлари тўғрисида бирма-бир тушунчалар берди. Шундан сўнг йиғилиш иштирокчиларига, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси, сифат тизими тўғрисидаги 4 турдаги 200 нусхада буклетлар тўпламлари тарқатилди ва иштирокчиларнинг соҳага оид қизиқтирган саволларига жавоб берилди: 1. “Қашқадарё асали” МЧЖ раҳбари Карим Холназаровдан савол: Жамиятимиз томонидан етиштирилган асал маҳсулотига гигиена хулоса ва мувофиклик сертификатлари олганмиз. Лекин ушбу маҳсулотни хорижга экспорт қилинганда хорижий давлатларга шу маҳсулот учун қўшимча тарзда сифатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар талаб этилиши мумкинми? Жавоб: Хар бир давлат ўз бозорини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоялаш мақсадида зарур стандартлар, техник регламентлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқади. Ушбу ҳужжатларда белгиланган кўрсаткичлар бўйича маҳсулотнинг сифатига доир қўшимча синовлар ўтказилиши мумкин. 2. “Рахматов Шохрух” оилавий тадбиркордан савол: Мен қолипли нон ишлаб чиқаришга мўлжалланган тадбиркорлик фаолияти учун барча зарур ҳужжатларни тайёрлаганман. Лекин 3 ойдан буён нон ишлаб чиқариш учун Қарши шаҳар ҳокимлигидан ун фонди ажратилмади. Нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришим учун ун олишга (лимит ажратилишида) ёрдам берсангиз? Ушбу саволга жавоб бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш учун йиғилишда иштирок этаётган Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тадбиркорларни қуллаб қувватлаш ва экспортга кўмаклашиш гуруҳи раҳбари С.Содиқовга тегишли кўрсатма берилди. С.Содиқов ушбу масалани Қарши шаҳар ҳокимлигига билан лимит ажратилмаётганлиги сабабларини ўрганиб, зарур ёрдам кўрсатилиши ва мурожаатчига тегишли маълумот берилиши ҳақида айтиб ўтди. 3. “Лайло Файз” МЧЖ директори Р. Ашуровдан савол: Мен қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Бунинг учун мувофиқлик сертификати олишим зарурми? Жавоб: Ҳа. Мувофиқлик сертификати олиш шарт. Чунки ушбу маҳсулот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли қарорининг 1-иловасига асосан мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган. Аҳолини соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида аҳоли истеъмол қилаётган барча маҳсулотлар мажбурий тарзда сертификатлаш рўйхатига киритилган. 4. ЯТТ Қодирова Раънодан савол: Мен қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб четга экспорт қилишни режалаштирдим, бунинг учун мувофиқлик сертификати олиш мажбурийми? Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли қарорининг 3-бўлими, 1-бандига асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чет элга экспорт қилишда, ушбу маҳсулотлар экспортга йўналтирилганда сертификатлаштириш ихтиёрий ҳолда амалга оширилади. 5. Фуқаро Мустафаев Бунёджондан савол: Маҳсулот ёрлиғини штрих кодлаш учун қаерга мурожаат этилади? Жавоб: Маҳсулотларни штрих кодлаш учун Халқаро GS 1 UZBEKISTAN асссоциациясига ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги “Штрих кодлаштириш маркази” Давлат корхонасига мурожаат этишингиз мумкин. 6. ЯТТ Жўраев Озоддан савол: Экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги ва полиз экинлари маҳсулотларига сертификат муддатлари қанча муддатга берилади. Жавоб: Қишлоқ хўжалиги ва полиз экинлари маҳсулотларига маҳсулотнинг меъёрий ҳужжатида кўрсатилган яроқлилик муддатига қадар берилади. 7. Фуқаро Тухтаева Мақсудадан савол: Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш учун қайси ташкилотга мурожаат қилиш керак ва сертификатлаштириш учун қанча муддат кетади? Жавоб: Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш учун Қарши шаҳри Хўжабоғ кўчаси 6 уйда жойлашган Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси қошидаги сертификатлаштириш идорасига мурожаат этишингиз мумкин. Сертификатлаштириш учун кетадиган муддат келтирилаётган маҳсулотларга 10 иш куни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга 10 кундан 30 кунгача муддатга амалга оширилади. 8. “Антиқа омад савдо” раҳбари А. Иргашевдан савол: Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни чет элга экспорт қилиш учун сертификатлаштириш идорасига ва божхонага қандай ҳужжатларни тақдим этишим лозим бўлади? Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 28.04.2011 йилдаги 122-сонли қарорининг 3-бўлими, 1-бандига асосан маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда сертификатлаштириш ишлари ихтиёрий ҳолда амалга оширилади. Ҳозирги кунда Қарши шаҳар Хўжабоғ кўчаси 6 уйда жойлашган Қашқадарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси қошида маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу бюрога мурожаат этсангиз маҳсулотингизни экспорт қилиш учун барча ҳужжатларни тайёрлашда ва барча муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам берилади. 9. “Амирқулов Сарвар Саидович” ХК директори С.Амирқуловдан савол: Корхонамизда истеъмол учун зиғир ёғи маҳсулотини ишлаб чиқармоқчимиз. Бу маҳсулотга меъёрий ҳужжатларни қайси ташкилотдан олишимиз мумкин? Жавоб: Ишлаб чиқармоқчи бўлган истеъмол учун зиғир ёғи маҳсулотингизга меъёрий ҳужжатларни “Ўзстандарт” агентлиги Ахборот ва маълумот марказидан ёки Қашқадарё стандартлаштириш ва метрология бошқармасидан шартномага асосан олишингиз мумкин. Агар маҳсулотингизга юқорида кўрсатилган ташкилотларда меъёрий ҳужжат бўлмаса, корхонангиз учун “Ташкилот стандарти – Ts” ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигидан ва “Ўзстандарт” агентлигидан рўйхатдан ўтказишингиз зарур бўлади. Сизга, ўз “Ташкилот стандарти – Ts”ни ишлаб чиқишда, мурожаатингизга асосан Қашқадарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси амалий ёрдам кўрсатади. 10. “Комфорт Барака люкс” МЧЖ раҳбари Улуғбек Қудратовдан савол: Жамиятимиз томонидан чет давлатдан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келмоқчи бўлсак, маҳсулотларнинг ёрлиқларини (маркировка) ўзбек тилидаги таржимасини тақдим этишимиз шартми? Жавоб: Агар Сиз олиб келмоқчи бўлган маҳсулот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 июлдаги № 127-сонли қарорининг 3-5- бандларига ва 1-иловасига асосан ёрлиқланиши (маркировкалаш) шарт бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлса, бу маҳсулотнинг ёрлиқларини ўзбек тилига таржима қилиниши шарт. Ёрлиқлар маҳсулотнинг меъёрий ҳужжати талабларига мувофиқ бўлиши ва улар истеъмолчилар учун тушунарли, ишончли бўлиши керак ҳамда маҳсулот тўғрисида барча маълумотлар: ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати, таркиби, энергетик қуввати, сақлаш шароити. 11. “Ал-Саид таъминот савдо” МЧЖ раиси Аббос Мадатовдан савол: Хитой давлатидан жамиятимиздаги мавжуд ишлаб чиқариш дастгоҳлари учун эҳтиёт қисмлар олиб келинса, ушбу эҳтиёт қисмларига мувофиқлик сертификати олишимиз мажбурийми? Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида 1458-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштирилиш тартиби, қоидалари” нинг 50-бандига асосан ўз эҳтиёжи учун олиб келинган маҳсулотлар мувофиқлик сертификатисиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши мумкин. 12 . “Нур нон” МЧЖ раҳбари Ж. Қурбоновдан савол: Янги маҳсулот ишлаб чиқаришда меъёрий ҳужжатимиз бўлмаган ҳолатда бошқа юридик шахснинг розилиги билан, унинг меъёрий ҳужжатидан (Ташкилот стандари) маҳсулот ишлаб чиқариш ва сертификатлаштиришда фойдаланишимиз мумкинми? Жавоб: O’z DSt 1.28:2013 меъёрий ҳужжатига 2014 йил 22 декабр куни киритилган 1-ўзгартиришнинг 10-бўлими, 10.3-бандига асосан Ташкилот стандартининг эгаси бўлган корхонанинг рухсати билан маҳсулот ишлаб чиқаришда, сотишда ва сертификатлаштиришда фойдаланилиши мумкин. 13. “Шаҳрисабз озиқ-овқат моллари” МЧЖдан савол: ИСО 9001 сертификати неча йил муддатга берилади? Жавоб: ИСО 9001 “Сифатни бошқариш тизими” мувофиқлик сертификати 5 йил муддатга берилади. 14. “Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖ раиси Бекзод Мухторовдан савол: Жамиятимиз ИСО 9001 сертификатига эга бўлса, ушбу сертификат маҳсулотимизга ҳам амал қиладими? Жавоб: ISO 9001 сертификати жамиятда сифатни бошқариш тизими жорий этилганлигини билдиради. Шундай экан, маҳаллий қонунчиликка асосан маҳсулот учун мувофиқлик сертификати олинади. 15. “Хусниддин” ХФ раҳбари Ж. Набиевдан савол: Баъзи бир маҳсулотлар ёрлиғидаги ИСО 22000 каби белгилар ўрнатилган бўлиб, бу нимани англатади? Жавоб: ИСО 22000 белгиси корхона халқаро стандарт талабларига мувофиқ “Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳавфсизлиги менежменти тизими” асосида сертификатлаштирилганини билдиради. 16. “Садаф қандолат” МЧЖ раиси К. Васиевдан савол: Агар тадбиркорлик субъекти ишлаб чиқарилаётган маҳсулоти стандарт талабларига номувофиқ бўлса қандай чоралар кўрилади? Жавоб: Номувофиқ маҳсулот ишлаб чиқараётган бўлса, намуна олинган тўпини сотишга тақиқлаш, нopмaтив ҳyжжaтлapu бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса ишлаб чиқаришни тақиқлаш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 212-моддаси билан жаримага тортилади. 17. “Хуршид” ХФ раҳбари Х. Эргашевдан савол: Менинг электрон электр ҳисоблагичимни қиёслов муддатининг амал қилиши 2016 йилнинг 17 август кунига қадар белгилаб берилган. Шунга кўра 17 август куни ҳам кирадими ёки йўқми? Жавоб: Ўлчаш воситаларини қиёслов даврийлигига қиёсланган куни ҳам киради, Сиз 17 август кунида ҳам ҳисоблагичдан фойдаланишингиз мумкин. 18. “Покиза нон маҳсулоти” МЧЖ мутахассиси Д. Болтаевдан савол: Биз ҳозирги кунда қайси турдаги газ, иссиқ сув, совуқ сув ва электр хисоблагичларни хонадонимизга ўрнатсак бўлади ёки аниқ бир турдаги ҳисоблагичларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўрнатилиш белгилаб берилганми? Агар белгилаб берилган бўлса ҳисоблагичларни рўйхатини қаердан олсак бўлади. Жавоб: Сиз хонадонингизга Ўзбекистон Республикасининг ўлчаш воситалари давлат реестирига киритилган ҳамда белгиланган тартибда давлат қиёслов кўригидан ўтказилган ўлчаш воситаларини ўрнатишингиз шарт. 19. “Қарши Дунё-М” ходими Ғ. Умаровдан савол: Менинг хонадонимда СО-5 турдаги, қора индукцион электр ҳисоблагичи ўрнатилган. Электр таъминоти корхонасида электрон электр ҳисоблагичлари йўқлиги сабабли алмаштиришмаяпти, индукцион электр ҳисоблагичлари давлат қиёслов кўригидан ўтказиладими? Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.11.2004 йилдаги № 512-сонли қарори билан навбатма навбат 2005-2008 йилларда замонавий электрон электр ҳисоблагичларга алмаштирилиши белгилаб берилган. Индукцион электр ҳисоблагичлар ҳар хил низолар келиб чиққанида ва бошқасига алмаштириш жарёнида фақат эксперт қиёсловидан ўтказилади. 20. “Қарши бирлашган ёқилғи омбори хўжалиги” мутахассиси Бахриддин Рўзиевдан савол: Газ таъминоти корхонаси назоратчиси газ ҳисоблагичнинг яроқсизлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштириш ҳуқуқига эгами? Жавоб: Йўқ. Бундай хулосани фақат давлат метрологик хизмати органи ходимлари давлат метрологик текширувининг салбий натижасига мувофиқ расмийлаштиради. 1. “Нишон ПТ” ОАЖ раиси Эркин Имомовдан савол: Маиший газ, сув ва электр ҳисоблагичларни даврий қиёслаш, навбатдан ташқари қиёслаш қандай тартибда ва ким томонидан амалга оширилиши мумкин? Жавоб: Маиший газ, сув ва электр ҳисоблагичларни даврий қиёслаш, навбатдан ташқари қиёслаш Давлат метрологик хизмати органи ходимлари томонидан амалга оширилади. Ўлчаш воситалари номлар рўйхатида белгиланган давр бўйича 4 йилда 1 маротаба даврий қиёслашдан ўтказилади, шунингдек Ўлчаш воситаларининг қиёслаш даври тугамасдан истеъмолчининг талабига кўра навбатдан ташқари қиёслаш ишлари амалга оширилиши мумкин. 22. “Косон ёғ-экстракция” АЖ раҳбари О. Даминовдан савол: Электр энергияси ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш қандай тартибда амалга оширилади ва қиёслашдан ўтказиш учун тақдим этишга ким масъул? (хонадон эгасими ёки электр таъминоти корхонасими?) Жавоб: Электр энергияси ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида Давлат рўйхатидан 2015 йил 1 декабр куни 2736-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган тартибда ўтказилади ва ушбу Низом талаблари бўйича ҳисоблагични қиёслашга электр таъминоти корхонасининг штатдаги ходими тақдим этиши белгиланган. 23. “Кардио плюс” ХК раҳбари Наргиза Полвоновадан савол: Газ сарфини ҳисоблагичи қиёслов муддатига эга, ишлаш жарёнида ҳисоблагич носоз ҳолга келиб қолганда уни қайта таъмирлангандан сўнг яна қиёсловдан ўтказилиши шартми? Жавоб: Қайта қиёсловдан ўтказилиши шарт. 24. “Муродов Мурод” ХК раҳбари Мурод Муродовдан савол: Россия давлатидан сотиб олинган ўлчаш воситаси (маиший газ ҳисоблагичи) техник ҳужжатида даврий қиёслаш муддати 8 йил этиб кўрсатилган. Ушбу даврий қиёслаш муддати Ўзбекистон Республикасида ҳам амал қиладими? Жавоб: Йўқ. Ўлчаш воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киргандан сўнг унинг қиёслаш даври Ўзбекистон Республикасининг Ўлчаш воситалари номлар рўйхатида белгиланган муддат бўйича давлат қиёсловидан ўтказилади. 25. “Барча йўналишлар савдоси” МЧЖ раҳбари Акмал Тухтаевдан савол: Қандай ўлчаш воситалари калибрлашдан ва қандай ўлчаш воситалари мажбурий давлат қиёсловидан ўтказилиши керак? Жавоб: Давлат метрологик текшируви ва назорати тадбиқ этиладиган доираларда қўлланиладиган ўлчаш воситалар мажбурий давлат қиёсловидан ўтказилади, доирадан четда қўлланиладиган ўлчаш воситалар калибрлашдан ўтказилиши мумкин. 26. “Руслан газ сифат сервич” МЧЖ раҳбари Жамшид Азизовдан савол: Россия давлатидан электрон электр ҳисоблагич олиб келгандим, уни қандай қилиб қиёслов кўрикдан ўтказишим мумкин? Жавоб: Ҳар бир четдан Республикага кириб келаётган ҳисоблагичлар синовдан ўтказилиб давлат реестрига киритилади ва тури тасдиқланади. Агар давлат реестирига кирган бўлса ушбу ҳисоблагич даврий қиёсловдан ўтказилади. 27. “Қарши шаҳар деҳқон озиқ-овқат бозори” МЧЖ ходими Олмос Жониевдан савол: Бозорларда маҳсулотларни сотишда фойдаланилаётган ўлчаш воситалари (электрон ва паллали тарозилар, тошлари) қандай муддатларда давлат қиёсловидан ўтказилиши керак? Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг ўлчаш воситалари номлар рўйхатига мувофиқ Деҳқон бозорларида маҳсулотларни сотишда фойдаланилаётган тарози ва тарози тошлари 1 йилда 1 маротаба давлат қиёсловидан ўтказилиши шарт. 28. “Қарши ёғ-экстракция” АЖ мутахассиси Бахриддин Ибрагимовдан савол: Газ сарфини ҳисоблагичларнинг қиёслаш муддатлари юридик ва жисмоний шахсларга нима учун икки хил? Жавоб: “Ўзстандарт” агентлиги бош директори томонидан 2011 йилнинг 1 февралида тасдиқланган, Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган, мажбурий давлат қиёсловидан ўтказилиши лозим бўлган ва уларнинг даврийлиги белгиланган намунавий ва ишчи ўлчаш воситаларининг “НОМЛАР РЎЙХАТИ”да юридик шахсларнинг ҳисоблагичлари 2 йилда бир маротаба, жисмоний шахслар ҳисоблагичларнинг қиёслаш даврийлиги 4 йилда бир маротаба мажбурий қиёсловдан ўтказилиши белгилаб берилган. 29. “Меъёр” ИЧК раҳбари Шавкат Ражабовдан савол: Менинг шахсий электрон юк тарозим бор, унин мажбурий давлат қиёсловидан ўтказишим шартми? Жавоб: Агар, Сиз шахсий юк тарозингизни тижорат йўналишида фойдалансангиз белгиланган тартибда мажбурий давлат қиёслов кўригидан ўтказиб қиёслов сертификати олишингиз, электрон тарозингизни фақат шахсий эҳтиёж учун фойдалансангиз қиёсловдан ўтказиш ихтиёрий деб эътироф этилади. 30. “Shosh Nasaf gaz servis” МЧЖ раҳбари Мурадов Азаматдан савол: Савол: Аккредитацияланган синов лабораторияларни мутахассислари белгиланган тартибда аттестацияланиши ва ушбу мутахассис олий маълумотли бўлиши шартлиги белгиланган. Бизни соҳада фаолият юритаётган асосий ходимлар ўрта маълумотли. Шу боисдан тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилса мақсадга мувофиқ бўладими? Жавоб: “Ўзстандарт” агентлигининг 2015 йил 11 декабрдаги 697-сонли буйруғи билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 30 декабрда 2748-сон билан рўйхатга олинган Низомда мувофиқликни баҳолашга доир барча талаблар белгиланган. Ушбу Низомга тегишли ўзгартиришлар киритиш учун амалий ишлар олиб борилмоқда. Йиғилишда соҳага доир яна қўшимча савол- жавоблар бўлиб ўтди. “Метролог” МЧЖ ходими Жамшид Примов ва “Хуршида инвест тезкор” МЧЖ раҳбари Ойниса Очиловалар томонидан электр таъминотини яхшилаш бўйича қандай амалий ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги тўғрисида мурожаат этишди. Ушбу масала бўйича шаҳар ҳокимияти ва электр таъминоти корхонасига расмий мурожаат этиш ва масалани ҳал қилиш бўйича тавсиялар берилди. Йиғилиш сўнгида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.А.Ҳаитов йиғилиш иштирокчиларига миннатдорчилик билдирган ҳолда, бу каби учрашувлар келгусида ҳам ташкиллаштирилиши ҳамда муаммо ва таклифлар бўлса “Ўзстандарт” агентлигининг (0371) 150-23-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиш ёки “Ягона портал” орқали билдиришлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Йиғилишни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тадбиркорларни қуллаб қувватлаш ва экспортга кўмаклашиш гуруҳи раҳбари С. Содиқов ёпиқ деб эълон қилди.