Ёш авлодга интернет тармоғида қулай, хавфсиз муҳит яратиш, маърифий ресурслардан ягона нуқтадан фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан «ZiyoNET» тариф режаси жорий қилинди. Халқаро тажриба асосида татбиқ этилаётган ушбу тизим хавфсиз интернет ресурсларидан оммавий фойдаланиш имконини беради. 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ҳамда «UZINFOCOM» маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакатимизда хавфсиз интернет майдонини ташкил этиш, ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. 

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари У.Аъламов, «Ўзбектелеком» АК бош директори Ш.Қодиров ва бошқалар замонавий интернет технологиялари фойдали жиҳатлари билан бирга ёт ғояларни тарғиб қилиш, зўравонлик, эктремизм сингари салбий таъсирларни оммалаштириш воситаси сифатида ёш авлод тарбиясига жиддий таҳдид солаётганини таъкидлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда. 

Янги тариф режасига "ZiyoNET" таълим тармоғига уланиш учун ташкил этилган "ZiyoNET" тариф режаси асос қилиб олинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан ишлаб чиқилган "ZiyoNET" таълим тармоғидан мамлакатимиздаги таълим муассасалари, ахборот-кутубхона, илмий, маданий-маърифий марказлар фойдаланиб келмоқда. 

Мазкур порталга уланиш учун «ZiyoNET» имтиёзли тариф режаси фақат юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилган бўлса, эндиликда жисмоний шахсларга ҳам шундай қулайлик яратилди. 

Тариф режаси доирасида фойдаланувчи «ZiyoNET» тармоғидаги ягона ахборот ресурслари рўйхатига киритилган сайтлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Айни пайтда ягона ахборот ресурслари реестрига таълим, маданият, спорт, бизнес, тиббиёт йўналишларида 3 мингдан зиёд миллий ва халқаро сайтлар киритилган. Энг кичик ёшли фойдаланувчилар учун ҳам махсус сайтлар рўйхати мавжуд. Ушбу рўйхат мунтазам таҳлил қилиниб, фойдаланувчиларнинг таклифига кўра, бойитиб борилади. 

Тариф режасини ишлаб чиқишда унинг нафақат ёшлар учун фойдали, балки кўрсатиладиган хизматларнинг қулай нархда бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, тарифда ягона ахборот ресурслари рўйхатига киритилган халқаро ва миллий доменда фаолият кўрсатаётган сайтлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Бунда интернет трафиги чегараланмайди. 

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази мутахассислари томонидан интернет тармоғининг ёш авлод тарбиясига салбий жиҳатлари доимий ўрганиб борилмоқда. Ота-оналарга вояга етмаган фарзандларининг ёшидан келиб чиқиб интернет тармоғида уларни ҳимоя қилиш, юзага келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар бериб борилмоқда. 

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 

Манба: ЎзА