"Агар мендан дунёдаги энг азиз неъмат нима, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай тинчлик, дея жавоб берардим. Буни биз каби Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли уқубатларини ўз кўзи билан кўрганлар ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Бугунги дориломон, тинч-тотув кунларни, тўкин ва фаровон ҳаётни кўзларимга суртгим келади". 

Бу пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Омонат маҳалласида яшовчи 92 ёшли отахон, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аббос Аппановнинг сўзлари. 

1939 йил. Эндигина мактабни тугатган Аббосни билимга чанқоқлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги, чет тилларни яхши ўзлаштиргани учун мактабга ўқитувчиликка таклиф этишди. Айни навқирон ёшдаги йигит ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бера бошлади. 

Уруш бошланиб, кўплаб йигитлар қатори у ҳам хизматга отланди... 

Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан соғ-омон қайтгач, ўзи ишлаган мактабда ўқитувчилик қила бошлади. Ёш авлодга таълим-тарбия бериб, маҳалладаги кўплаб эзгу амалларга бош-қош бўлди. Аббос ота 60 йилдан зиёдроқ шаҳримиздаги кўплаб умумтаълим мактабларида ўқувчиларга немис, инглиз ва рус тилларидан сабоқ берган, мактаб директори лавозимида хизмат қилган. Бугун унинг кўплаб шогирдлари турли соҳаларда фаолият юритиб, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилаётир. Аббос отанинг самарали меҳнати муносиб рағбатлантирилиб, "Халқ маорифи аълочиси" кўкрак нишони, "Жасорат" медали, “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланган. У Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим марказининг фахрийлар кенгаши аъзоси. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори уруш қатнашчиларини эъзозлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аббос ота ҳам тинчлик-осойишталикнинг аҳамиятини ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий­-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 

Аббос ота уч ўғил, тўрт қизни уйли-жойли қилиб, эл қаторига қўшди. Солиҳ фарзандлар, набираю чеваралари даврасида умргузаронлик қилаётган отахон истиқлолга шукрона айтиб, эл-юртга тинчлик, фаровонлик тилаб яшамоқда. Бобонинг табаррук хонадони ҳамиша гавжум. Пиру бадавлат отахоннинг катта оиласидаги тотувлик, файзу баракага барчанинг ҳаваси келади. 

– Ҳозирги замонавий мактабларга борсам, ўзимни мўъжизалар оламига тушиб қолгандай ҳис этаман, – дейди отахон. – Замонавий андозалар асосида барпо этилган, барча зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланган ёруғ ва шинам хоналарда дарс ўтаётган ўқитувчиларга ҳавасим келади. 

Отахон жамоат ишларида фаол. У катта ҳаёт тажрибасига эга нуроний сифатида ёшларни соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, тинчликнинг қадрига етиш, оилалар тотувлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда қимматли маслаҳат ва йўл-йўриқларини аямай келмоқда. 

Манба: ЎзА