Хусусий тиббиёт ривожи – инсон саломатлигини муҳофазалашнинг муҳим омили

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилиш борасида олиб борилган ислоҳотлар жараёнида давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда хусусий тармоқ фаолиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. 

1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуни бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. 

Мазкур йўналишда белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларининг кенг тармоғи шаклланиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бундай тузилмаларни доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизими яратилди. Хусусий шифо муассасаларига солиқ ва бошқа қатор молиявий имтиёзлар берилди. Бундай чора-тадбирлар соҳа ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бироқ халқимизнинг замонавий тиббий хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжини тўлиқ қондириш, тиббиёт ютуқларидан инсон саломатлиги йўлида оқилона фойдаланиш хусусий тиббиёт тармоғидаги ишларни янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларда бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, соғлиқни сақлашнинг хусусий тармоғини ривожлантириш, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларда яна бир муҳим қадам бўлди. Қарорда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш, тармоқнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланган. 

Айтиш керакки, шу пайтгача хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматнинг 50 тасига рухсат берилган эди. Масалан, бизнинг шифо муассасамиз асосан диагностика ва лаборатория-таҳлил йўналишида фаолият юритар эди. Тиббиётнинг ўндан кўпроқ йўналиши бўйича малакали врачларимиз, замонавий жиҳозлар билан таъминланган иккита операция залимиз бўлишига қарамай, миниинвазив операция муолажаларинигина бажарар эдик. Албатта, бу имкониятимизни тўла ишга солишга муайян даражада тўсиқ бўлар, аҳоли, айниқса, чекка ҳудудлардан шифо излаб келганлар учун ҳам ноқулайлик туғдирарди. 

Қарорга биноан, энди хусусий шифо муассасаларига тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди. Хусусан, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, қон-томир, абдоминал жарроҳлик ва талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича амалиётларни бажаришимиз мумкин. Давлатимиз томонидан хусусий тиббиёт муассасаларига берилган бу қадар катта имтиёз ва имкониятлар аввало бизга билдирилган юксак ишончдир. Бу ишончни оқлаш, тиббиётимиз олдида турган долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшиш зиммамизга катта масъулият юклайди. 

Айни пайтда шу йўналишда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида иш олиб бормоқдамиз. Хусусий клиникамизда ҳар ойда қарийб беш мингга яқин кишига тиббий диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатилмоқда. Қирқ беш нафар малакали врач, ўттиз беш нафар ўрта тиббиёт ходими аҳоли саломатлиги йўлида иш олиб бормоқда. 

2007 йилда ташкил этилган клиникамиз замонавий лаборатория воситалари билан жиҳозланган. Компьютер томограф, рақамли рентген, ультратовуш таҳлил, электроэнцефалограф, эхокардиограф каби диагностика аппаратларимиз нафақат аъзолар, балки, тўқималар ва ҳужайраларда кечаётган жараёнларни ҳам чуқур таҳлил этиш, касалликларга эрта босқичда аниқ ташхис қўйиш имкониятини яратмоқда. Шифо муассасамизда кундузги стационар ташкил этилган. Замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган операция хоналаримизда пластик жарроҳлик, урология, практология, қулоқ, томоқ, бурун касалликлари миниинвазив жарроҳлик усулларида самарали даволанмоқда. 

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, яқин келажакда аҳолига кўрсатилаётган юқори технологияли усуллардаги оператив муолажаларни кенгайтирмоқчимиз. Шу мақсадда тараққий этган мамлакатлардаги етакчи клиникалар билан тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик қилмоқдамиз. Масалан, япониялик ва бельгиялик мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатганмиз. Келгусида АҚШ, Германия, Исроил, Буюк Британиядаги етакчи тиббий-илмий марказлари билан халқаро алоқаларни янада кенгайтириб, жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларини чуқур ўрганиш асосида кардиология, эндокринология, гинекология ва бошқа йўналишларда янгича оператив даволаш амалиётларини жорий этиш юзасидан изланиш олиб бормоқдамиз. 

Қарорга асосан, хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилгани бу борадаги ишларимизда катта мадад бўлади. 2017 йил 1 майдан соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимларининг йиллик ўртача чекланган сонини 25 кишидан 100 кишигача кўпайтириш тўғрисида тасдиқланган меъёр янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш ҳажмини оширишга замин яратади. 

Бу борадаги имкониятлардан фойдаланиб, клиникамиз учун қўшимча бино барпо этишга киришдик. Қурилишни йил охиригача тугаллаб, бўлим ва йўналишларни кенгайтирмоқчимиз. Хусусан, яна иккита операция зали қурилиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Лаборатория-диагностика усулларини такомиллаштириш, жаҳон тиббиётининг микрожарроҳлик, кардиожарроҳлик каби соҳаларидаги янгиликларни амалиётга жорий этиш ниятимиз бор. Янги бино ишга тушиши билан яна элликта иш жойи яратилади. 

Хусусий тиббиёт муассасаларига берилган солиқ имтиёзлари ҳисобидан тежалган маблағларнинг бир қисми аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилиши белгиланган. Бу аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш имкониятини кенгайтиради, тиббий хизмат сифатини оширади. Биз ҳам ана шундай тиббий-ижтимоий лойиҳаларни кенгайтирмоқчимиз. 

Қарорда фаолиятимиз ривожига хизмат қиладиган кўплаб янгиликлар бор. Масалан, кичик тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларига давлат мулкини ижарага олишнинг максимал муддатини амалдаги меъёрларга мувофиқ 5 йилдан 10 йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бунда соғлиқни сақлаш муассасаларининг давлат мулкидан фойдаланиш учун ижара тўловининг энг кам ставкасини 20 фоизга қисқартириш белгиланган. 

Янги тиббиёт иншоотлари барпо этадиган ва мавжудларини реконструкция қиладиган хусусий тиббиёт муассасалари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммунал инфратузилма объектларидан тўсиқларсиз фойдаланиш, бундай тадбиркорларга ер участкалари, бино ва хоналар ажратиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли вазифалар топширилди. Хусусий тиббий хизматларни қишлоқ жойлар ва олис туманларда кўрсатиш учун ер участкалари ажратишда қўшимча имтиёзлар берилиши белгиланди. 

Қишлоқ жойларда ва чекка туманларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилади. Бундай янгилик ва имкониятлар бизни янги режаларга руҳлантирди. Келгусида Бухоро, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари туманларида клиникамизнинг филиалларини очиш ниятидамиз. Бу йўналишда 2018-2019 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. 

Бундай эзгу ишлар жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини соғлиқни сақлаш тизимида кенг татбиқ этиш, юртимизнинг барча ҳудудлари, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолига кўрсатилаётган замонавий тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш, эл саломатлигини асраш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришишда муҳим қадам бўлади.