50 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди

Қашқадарёда вилоятдаги йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар билан бирга мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан корхоналар ўз маҳсулотлари билан қатнашди. 

Президентимиз раҳнамолигида хусусий секторнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ушбу тармоқнинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ўрнини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик туфайли маҳаллий хомашёдан тайёрланган харидоргир, импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар тури йилдан-йилга кўпаймоқда. 

Мазкур ярмарка рақобатбардош, экспортбоп замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, йирик корхоналар ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда бозорга янги кириб келаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турини кўпайтиришга замин бўлувчи буюртмалар портфелини шакллантириш, товар ва хизматларни реклама қилишда амалий кўмак беришга хизмат қилмоқда. 

Ярмаркада тоғ жинсларини қайта ишлашга мўлжалланган техникалардан тортиб, чиройли ва бежирим мебеллар, қурилиш материаллари, полиэтилен қувурлар, парфюмерия, қандолат, озиқ-овқат маҳсулотларигача намойиш этилди. Уларнинг 10 дан ортиқ тури янги маҳсулотлардир. 

Китоб шаҳридаги “Тегирмонмонтажсервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан таклиф этилган эҳтиёт қисмлар ва қурилмалар донни қайта ишловчи тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди. 

– Корхонамиз ун, омухта ем ва комбикорма маҳсулотлари тайёрловчиларга импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш билан шуғулланади, – дейди корхона раҳбари Алижон Эшқобилов. – Фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида туркиялик ҳамкорлар билан жорий йилнинг бошида қўшма корхона ташкил этдик. Эндиликда ун, омухта ем, комбикорма ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологияларни ўзимизда ишлаб чиқарамиз. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун ҳам технологиялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 2019 йилда ишга туширилиши мўлжалланаётган қўшма корхонада 50 янги иш ўрни яратилиб, йилига 2 миллион долларлик технология ва ускуналар ишлаб чиқарилади. 

Ярмаркада корхона ва ташкилотлар, муассасалар, хўжалик юритиш субъектлари ҳеч қандай тендер танловисиз ўзаро шартномалар имзолаш ва маҳсулот харид қилиш имкониятига эга бўлди. Маҳсулотлар хариди ва ҳамкорликка оид 50 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди. 

Ўлмас Баротов, ЎзА