Бизнес учун малакали кадрлар

Ходимларни тўғри танлаш, тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали тизим компания муваффақиятини белгилайдиган асосий омил ҳисобланади. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бизнес учун мутахассислар тайёрлашга доир замонавий талаблар ва HR-менежментни қўллаш имкониятларига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақида сўз юритилди. 

Бугун Ўзбекистонда аксарият йирик корхоналар акциядорлик жамиятларига айлантирилгани таъкидланди. Корпоратив бошқарув услубини жорий этаётган компаниялар кўпаймоқда. Улар иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутмоқда. Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги "Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. 

Давра суҳбатида касб-ҳунар коллежларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик натижалари муҳокама этилди. Хусусан, корхоналар эҳтиёжига қараб, касб-ҳунар коллежларида янги ўқув йўналишлари ташкил қилинаяпти. Корхоналарда эса ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ўташи учун барча қулай шароитлар яратилмоқда, махсус ўқув синфлари ва марказлари ташкил этилмоқда. 

Тадбирда кадрлар тайёрлаш бўйича ўз тизимини ишлаб чиққан йирик компаниялар тажрибаси ҳам кўриб чиқилди. 

Давра суҳбатида маркетинг ва HR-менежмент соҳаси мутахассислари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.