Президентимиз Шавкат Мирзиёев Талабалар шаҳарчаси ҳудудида қуриладиган ахборот-ресурс маркази лойиҳаси билан танишди. 

Мамлакатимизда таълим тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур тизим сифатини янги босқичга кўтаради. 

Ушбу қарорда кўплаб чора-тадбирлар қатори янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётлар сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш бўйича вазифалар белгиланган. 

Талабалар шаҳарчасида қурилиши режалаштирилаётган ахборот-ресурс маркази ана шундай замонавий талабларга жавоб беради. Марказ электрон-ресурслар, даврий адабиётлар, мутолаа, мультимедиа ва конференция залларини ўз ичига олади. Бу Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти, ўрта-махсус таълим масканлари ўқувчи ва талабалари, профессор-ўқитувчиларига катта қулайлик яратади. 

Президентимиз марказ лойиҳаси ва концепциясини такомиллаштириш, унинг қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Мажмуани Ўзбекистон талабаларининг Миллий илмий-маърифий маркази тарзида ташкил этиш, дунё университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, халқаро талаблар даражасидаги кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий анжуманларини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. 

Манба: ЎзА