Электрон мурожаат: қулай ва самарали

Мурожаат қилиш ва ахборот олиш фуқароларнинг энг асосий ҳуқуқларидан бўлиб, улар инсон манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг муҳим омилларидандир. 

Миллий қонунчилигимизда мурожаат қилиш ва ахборот олишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури асосида мурожаат қилишнинг қулай усуллари яратилмоқда. Виртуал қабулхоналар имкониятидан аҳоли унумли фойдаланаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Электрон мурожаат – давлат ва халқ ўртасидаги алоқаларнинг муҳим механизми" мавзуида ташкил этилган семинарда мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди. 

Қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида халқ манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият ўртасидаги алоқалар механизмини такомиллаштириш борасида самарали иш олиб борилмоқда. 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фуқароларнинг электрон мурожаатларига тезкор жавоб бериш учун уларнинг интернет тармоғидаги расмий веб-сайтлари яратилган. Келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш ва жавоб бериш мониторингини юритиш бўйича ахборот тизимлари жорий этилган. 

– Электрон алоқалардан фаол фойдаланиш давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси директори Маҳмуд Асомов. – Жорий йилда Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимликларига йигирма бир мингдан зиёд электрон мурожаат келиб тушган. Уларни ўз вақтида, тезкор ва самарали кўриб чиқиш механизмини янада такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. 

Савол-жавоб тарзида ўтган семинарда парламент ва солиқ хизмати фаолиятида электрон мурожаатлар билан ишлаш тизими, “my.gov.uz” порталида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида маълумот берилди.