Энг сара лойиҳа ва ишланмалар намойиши

Миллий матбуот марказида X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари О.Парпиев ва бошқалар жорий йилнинг 10-12 май кунлари "Ўзэкспомарказ"да инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтишини, бу мамлакатимизда илм-фан тараққиётига алоҳида эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлади. Зеро, ана шундай ғамхўрлик эвазига инвестиция талаб ва таклифлари уйғунлаштирилиб, ихтирочилар ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалий муносабатлар йўлга қўйилмоқда. 

Ҳар йили ўтказиб келинаётган, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги кооперацион алоқани таъминлашнинг амалий механизмига айланган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси корхоналар, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишда қўл келмоқда. Бу иқтисодиётимизнинг барча соҳалари жадал ривожланишида, узлуксиз таълим тараққиётида, истиқболдаги дастурларни ишлаб чиқишда муҳим илмий ва амалий асос вазифасини бажармоқда. 

Жорий йилда ярмаркада анъанавий беш йўналиш – саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари ҳамда фан-таълим соҳалари учун 500 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва лойиҳа намойиш этилади. 

– "Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика" йўналишида касалликларни даволашнинг янги усуллари ва замонавий технологиялар намойиш этилади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Талъат Набиев. – Суякларни тиклаш, буйрак тошларини олиш, жарроҳлик амалиётларида қон тўхтатиш, иммун тизимни мустаҳкамлаш, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган янги ёндашувлар акс этган етмишга яқин ишланма кўпчиликда катта қизиқиш уйғотади, деган умиддамиз. 

Ярмаркада истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ташриф буюрувчилар эътиборига ёш олим ва талабалар томонидан яратилган 100 ишланма ҳавола этилади. III Тошкент халқаро инновацион форумини ўтказиш ҳам мўлжалланган. Унда Германия, Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертлари иштирок этиши мўлжалланмоқда. 

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олди.