Ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда

Фарғона шаҳридаги “Fergana oseana textile” Ўзбекистон – Таиланд қўшма корхонаси йилига 3 минг 600 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда пахта толасидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда. 

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб этиш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналар экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилоятида ўтган йили 194 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир. 

Бугун юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам хорижий сармоя иштирокида корхоналар ташкил этилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва тури кенгаймоқда. 

Вилоятда хорижий инвестициялар иштирокида 150 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган турли маҳсулотлар халқаро бозорда ҳам ўз харидорига эга. Ўтган йили иш бошлаган “Fergana oseana textile” Ўзбекистон – Таиланд қўшма корхонаси ана шулардан бири. 

Мамлакатимизда бўш турган бино ва иншоотлар мақсадли фойдаланиш, инвестиция киритиш ва янги иш ўринлар яратиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига бепул берилмоқда. “Қувасойтаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Фарғонадавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонасига қарашли бўш турган бинода 15 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-реконструкция ишлари бажарилиб, кўркам ва замонавий кўринишга келтирилди. Таиланд компанияси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан хориждан 6 миллион евролик пахтани қайта ишлайдиган ва ип-калава ишлаб чиқарадиган замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилди. 

Қўшма корхона маҳсулотлари Европа давлатларига, Россия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили корхона томонидан 2,5 миллион долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 1 миллион 200 минг доллардан ошди. 

– Президентимиз раҳнамолигида пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди қўшма корхона раҳбари Алишер Ортиқов. – Биз ҳам ана шу мақсадда янги лойиҳани амалга оширяпмиз. Вилоят ҳокимлиги кўмагида Фарғона туманининг Лоғон қишлоғи ҳудудида 11 гектар ер ажратилиб, “Bahodir Logon textil” корхонаси филиал сифатида бунёд этилмоқда. Мазкур корхонага энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар олиб келиш бўйича 20 миллион долларлик шартномалар имзоланди. 

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида барпо этилаётган корхонада кунига 22 тонна тайёр маҳсулот – ип-калава ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Йилига 9 минг тонна пахтани қайта ишлаш имкониятига эга бўладиган корхонада маҳсулотларни жаҳон андозалари даражасида сифатли бўяш, бичиш-тикиш, тўқув цехлари ҳам қурилади. Йилига 1 миллион жуфт пайпоқ ва юмшоқ сочиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Жаҳон бозорига сифатли, рақобатбардош маҳсулот етказиб бериш ҳар қандай корхонанинг истиқболини таъминлайди. Маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш, қўшимча 600 янги иш ўрни яратиш имконини берадиган мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш харажати учун 47 фоиз чет эл инвестицияси киритилди. “Қувасойтаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари 80 фоизга бажарилиб, пардозлаш-жиҳозлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ерда асосан Фарғона туманидаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислар меҳнат қилиши кўзда тутилган.