Давлатимиз раҳбари Жиззах шаҳридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишди. Марказда тадбиркорларга барча турдаги хизматлар кўрсатилади. 

Ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бугунги даврда компьютер, интернет ва бошқа алоқа воситалари олис қишлоқларда ҳам кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланиб бораётир. Замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлиги йилдан-йилга ошиб, компьютер техникаси ва электрон ҳужжат айланиш тизими ривожланаётир. Барча соҳада илғор коммуникация технологиялари қулай ва тезкор маълумот алмашиш ва хизмат кўрсатиш воситасига айланмоқда. 

Марказда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган муаммо ва масалалар юзасидан турли соҳа мутахассисларидан жавоб олишлари мумкин. 

Энди тадбиркор муаммосини ҳал қилиш учун турли ташкилотларга бориб юрмайди. Ушбу марказда барча соҳа мутахассислари уларнинг талаб ва таклифларини ўрганади ва ечимини топади. Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази тадбиркорларнинг ҳақиқий кўмакчиси бўлиши лозим, деди Шавкат Мирзиёев. 

Туманларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш марказлари ташкил этилиб, улар томорқадан самарали фойдаланиш, микробизнесни йўлга қўйиш, микрокредитларни расмийлаштириш, ажратилган кредитларни мониторинг қилиш каби масалалар билан шуғулланади. Вилоят бўйича 91 ана шундай марказ очилиши кўзда тутилган. 

“Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида тижорат банклари томонидан қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, кичик бизнес субъектларини сифатли, қулай, ишончли ресурслар билан таъминлашда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Агар биз энг олис ҳудудларда ҳам тадбиркорликни ривожлантирмоқчи бўлсак, аввало, аҳолига тадбиркорлик бўйича етарлича тушунча ва билим беришимиз керак. Тадбиркорларга имконият ва шароит яратиб берсак, улар ўзларини ҳам, аҳолини ҳам иш билан таъминлайди, деди Президентимиз. 

Шу ерда вилоят иқтисодиёт комплекси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка кўмаклашиш тизими ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам маълумот берилди.