Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пахтакор туманида бўлиб, Жиззах вилоятида енгил саноат, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда. 

Вилоятда 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Миллий банк томонидан “Элеганс текс”, “Пахтакор голд текс”, “Фориш голд текс”, “Зомин текстиль”, “Зарбдор текстиль” каби корхоналарда умумий қиймати 111 миллион долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва 2 минг 890 янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган. 

“Асака” банки, “Ипотека-банк” ва “Алоқа” банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш, етиштирилаётган пахта толасини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш ва аҳолини сифатли кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади. 

Президентимиз ташкил этилаётган ҳар бир иш ўрни муҳим эканини, корхоналарни барпо этишда замонавий қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш ва ишга тушириш муддатларини тезлаштириш лозимлигини қайд этди. 

Вилоятда тери хомашёси тайёрлаш ва қайта ишлаш ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳисобига истеъмол бозорини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан “Жиззахулгуржисавдо” масъулияти чекланган жамияти негизида агрологистика маркази ташкил этилмоқда. "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган ушбу корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, сақлаш, иссиқхона ташкил этиш ҳамда экспортга йўналтириш билан шуғулланади. Корхона газ, сув, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган. Ҳудудда темир йўл тармоғи хизмат кўрсатмоқда. 

Агрологистика марказига қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуналарни Италиядан келтириш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг қишлоқ хўжалиги махсулотларини сақлашга мўлжалланган 2 минг тонналик совутгич, шунча сиғимга эга дуккакли маҳсулотларни сақлаш омборхонаси, 3 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари, 4 гектарда иссиқхона ташкил этилади. Ишчилар сони 150 нафарга етказилади. 

Жиззах шаҳридаги "Бону ширинликлари" корхонаси томонидан қандолат ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим қилинди. 140 ишчи меҳнат қилаётган ушбу корхонада фаолиятни кенгайтириш мақсадида экспортга йўналтириладиган кондитер ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлиб, шундан 9,8 миллиард сўми Халқ банки кредити ҳисобидан амалга оширилади. Қўшимча 150 иш ўрни яратилади. 

Янгиликка интилиб яшаш иқтисодиётимиз тараққиётининг муҳим омилидир, деди Шавкат Мирзиёев. Бугун хорижий бозорларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда. Бу иқтисодиётимиз тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар иқтисодий самарадорлик билан бирга, экспорт салоҳиятини юксалтириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида харидоргирлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Вилоятда йирик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, паррандачиликни ривожлантириш, Зомин туманида токзорлар, иссиқхона мажмуаси барпо этиш, асал етиштириш, Бахмал туманида 2 минг бош қорамол боқиладиган ва сутни қайта ишлайдиган заводни ишга тушириш, Фориш туманида наслли эчкиларни кўпайтириш ва эчки сутини қайта ишлаш агрофирмаси ташкил қилиш, Ғаллаорол туманида ёнғоқзорлар барпо этиш, Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларининг тақдимотлари ҳам ўтказилди. 

Президентимиз ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.