Салоҳиятли кадрлар – тараққиётимиз гарови

2016 йил Польшада ўтказилган "Transport Problems – 2016" халқаро симпозиум ва илмий-амалий конференцияда Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтининг иқтидорли илмий изланувчиси Рашидбек Худойқуловнинг автомобиль йўлларини қуришда янгича технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳаси барчада катта қизиқиш уйғотди. Шўрланган, қумли ерларда йўл қурилиши конструкциясини такомиллаштириш, йўл кўтармаларини мустаҳкамлаш, мелиоратив муҳандислик геологияси бўйича илмий асосланган маърузаси билан юртдошимиз симпозиумнинг энг фаол иштирокчиси, деб топилди. 

Бу унинг илк муваффақияти эмас. Рашидбек Россия, Беларусь, Польша, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардаги халқаро илмий-амалий анжуманларда минтақавий автомобиль йўлларини мустаҳкамлаш, йўл транспортини такомиллаштириш юзасидан маърузалари билан иштирок этган. У ўтган йили ёш олимлар ўртасида ўтказилган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида ғолибликни қўлга киритди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилган танловда "Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси", "Йилнинг энг фаол транспортчиси" номинациялари бўйича муваффақиятга эришган. 

– Илмий фаолиятим шўрхок, қумли ерларда автомобиль йўллари қуришда йўл конструкциясини такомиллаштириш, ўта шўрланган йўлларга гиосинтетик материал ётқизиш орқали тажриба ўтказиш, ер ости сувларининг кўтарилиши оқибатида йўлга зарар етказмаслик усуллари, зичлаштириш техникасини жорий этишга қаратилган, – дейди Р.Худойқулов. – Устозларим ёрдамида Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари автойўлларида гиосинтетик материалларни йўлга ёпиштириш орқали тажриба ўтказдик. Бу тажриба синовдан муваффақиятли ўтса, бошқа ҳудудларда ҳам қўллаймиз. 

Бугунги кунда мамлакатимизда йўлсозлик ва автомобилсозлик соҳаларига янги технологияларни жорий этиш, ёш кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ҳар йили йўл қурилиши ва автотранспорт соҳалари учун 500 га яқин бакалавр ҳамда 50 дан ортиқ магистр тайёрлаб бермоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, «2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Республика йўл жамғармаси фаолиятларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари ижроси юзасидан институтда кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Ҳозирги кунда таълим муассасасида автомобиль йўллари ва иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш ҳамда автомобиль транспорти ва транспорт тизимлари эксплуатацияси факультетлари фаолият кўрсатмоқда. Талабалар транспортда бошқарувнинг ахборот тизимлари, транспорт логистикаси, йўл қурилиш машиналари ва жиҳозлари эксплуатацияси ва таъмирлаш, автомобиль йўллари ва аэродромларни қуриш ва эксплуатацияси, кўприклар, туннеллар ва йўл ўтказгичлари, муҳандислик геологияси, муҳандислик педагогикаси сингари мутахассисликлар бўйича таҳсил олмоқда. 

Ўқув муассасасида йўл қурилиши соҳаси бўйича фундаментал ва амалий-илмий грантлар ва хўжалик шартномалари асосида кўприклар, туннеллар, йўллар ва улардаги сунъий иншоотларнинг замонавий конструкцияларини яратиш ва мавжудларини мукаммаллаштириш бўйича кенг миқёсда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Таълим муассасаси Москва, Харьков, Киев автомобиль-йўллар институтлари, Польшадаги Силез политехника, Беларусь давлат университетлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. 

– Институтимиз олимлари томонидан Тошкент метрополитени учун янги зилзилабардош конструкциялар ишлаб чиқилган ва татбиқ этилмоқда, 30 дан ортиқ йўллар, кўприклар, туннеллар, аэродромлардаги иншоотларни лойиҳалаш, қуриш бўйича соҳага оид норматив ҳужжатлар тайёрланган, – дейди институт маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиғи Шавкат Мирзамўминов. –Институтимиз томонидан мамлакатимизнинг йўл қурилиши ва автомобилсозлик соҳаларининг ишлаб чиқариш раҳбарлари ва муҳандис-техник ходимлари малакасини ошириш ишлари мунтазам бажариб келинмоқда. 

Институтда битирувчилар бандлигини таъминлаш доимий эътиборда. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти, "Йўл-лойиҳа бюроси", "Йўл-лойиҳа эскпертизаси", "Фарғона йўл-лойиҳа", "Шарқий ХДААЙСИТФ", "Aero loyiha servis", "Aero yo'l loyiha", "Iltex", "Techno-Art-Servis", "Шарқий йўл-лойиҳа" корхоналари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, битирувчилар ҳар йили уларда амалиёт ўтайди, ишга жойлашади. 

Малакали, билимли кадрларга талаб ҳамиша юқори бўлган. Бугунги талаба ахборот технологияларидан хабардор, мультимедиа воситалари ва замонавий педагогик технологияларнинг устаси, хорижий тилларнинг мукаммал билимдони бўлмоғи лозим. Мазкур таълим муассасаси ана шундай салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсадларига хизмат қилиб келмоқда.