Термизда “Менинг бизнес ғоям” танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди. 

Президентимиз раҳнамолигида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўлами ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Марказий банк ва бир қатор тижорат банклари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танлов ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. 

Танловда касб-ҳунар коллежларининг 140 нафар битирувчиси ўз бизнес-режаси билан иштирок этди. 

– Танлов битирувчиларнинг лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали бандлигини таъминлашга йўналтирилгани ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши масъул ходими Умид Қулмаматов. – Тадбирда иқтисодчи олимлар, тижорат банклари, меҳнат бошқармаси, солиқ ва бошқа идоралар мутахассислари томонидан ёшларга бозорни ўрганиш талаблари, бизнес-режа тузиш, маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, кредит таъминоти каби мавзулар юзасидан зарур маълумотлар берилди. 

Тадбир доирасида ёшларнинг турли йўналишлар бўйича бизнес лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Термиз шаҳридаги “Shindong-Spinning-Termiz” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасига саёҳат ташкил этилди. 

Мутахассислар томонидан саралаб олинган 40 иштирокчининг 1 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги истиқболли бизнес ғоялари вилоят миқёсида молиялаштиришга тавсия этилди. 12 нафар иқтидорли ўғил-қиз танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.