Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан бир гуруҳи Жиззах вилояти Пахтакор туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. 

Ўрганиш якунлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, маҳаллий ҳокимият бошқаруви органлари, фаоллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида ўтказилган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди. 

Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони асосида туманда 2017-2021 йилларда умумий қиймати 196,7 миллиард сўм бўлган 212 лойиҳа амалга оширилиши ва 1 минг 546 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. 

Туманда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2017 йилнинг 1 майига қадар Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки туман филиали томонидан 625 фуқарога 3,5 миллиард сўм, “Агробанк” туман филиали томонидан 246 фуқарога 1,07 миллиард сўм, Халқ банкининг туман филиали томонидан 295 фуқарога 1,75 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Ушбу кредитларнинг асосий қисми чорвачилик, қуёнчилик, боғдорчилик, асаларичилик, тикувчилик тармоқларини ривожлантириш, томорқада иссиқхона қуриш ишлари учун йўналтирилди. 

Депутатлар 10 кун давомида тумандаги 314 хонадонда бўлиб, 1 минг 508 фуқаро билан бевосита мулоқот қилди. Аҳоли билан бўлган учрашувлар давомида турли соҳа бўйича 162 масала кўтарилиб, уларнинг 48 таси жойида ҳал этилди. 78 масала ижроси бўйича маҳаллий идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатма берилди. 5 масалани республика идоралари билан муҳокама қилиш режалаштирилди. 

Парламент вакиллари томонидан ўрганишлар давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги 5 қишлоқ врачлик пункти тугатилиб, уларнинг негизида 2 қишлоқ врачлик пункти ва 1 оилавий поликлиника ташкил этилган. 

Сессияда тиббий хизмат кўрсатиш борасида қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни малакали тиббий ходимлар ва зарур дори-дармонлар билан таъминлашдаги камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Тумандаги тиббиёт муассасалари ЭКГ аппарати, нафас олдириш қопчаси, умуртқа поғонасини ушлаб турувчи шит ва шу каби 11 турдаги оддий тиббий жиҳозлар билан таъминланмагани, автотранспорт воситалари етарли эмаслиги танқид қилинди. Туман марказий шифохонасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлими биноси, 1 қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 2 қишлоқ врачлик пункти мукаммал таъмирга муҳтож. Туман тиббиёт муассасаларида 33 шифокор етишмайди. 

Шундай камчиликлар умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятида ҳам мавжуд. 13 мактабгача таълим муассасасига боғча ёшидаги 6 минг 530 боланинг 1 минг 875 нафари қамраб олинган. Мактабгача таълим муассасаларида олий маълумотли мутахассис педагог кадрлар етишмайди. Соҳада ишлаётган ходимларнинг 11 фоизи олий, 89 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. 

Умумтаълим мактаблари кутубхонаси талаб даражасида эмас. 5 умумтаълим мактабида тиббиёт хонаси, 7 умумтаълим мактабида ошхона ёки буфет, 3 умумтаълим мактабида спорт зали умуман йўқ. 

Сессияда аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, ободонлаштириш, уй-жой ва коммунал хизмати кўрсатиш соҳасидаги аҳвол кескин танқид қилинди. Бу соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар, муаммолар таҳлил этилиб, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва бартараф қилиш йўллари ҳақида аниқ таклифлар билдирилди. 

– Бундай учрашув ва мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад камчиликларни қайд этиш эмас, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга амалий ёрдам кўрсатишдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Қодиров. – Муҳокама давомида барча масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар, уларнинг ижрочилари, муддатлари белгиланди. Шу ўринда халқ депутатлари туман Кенгаши, доимий комиссиялар, партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаш керак. Шунда аҳолини ўйлантираётган муаммолар ўз ечимини топади.