Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар – Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон ва Беларуснинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўтган йиллардаги фаолияти давомида нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Бугунги давлатлараро муносабатлар тизимида хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш, ўзаро манфаатли соҳаларда турли лойиҳаларни амалга оширишда самарали механизмга айланди. Ташкилот жаҳон ҳамжамияти эътиборини бутун дунёга жиддий хавф солаётган терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш масалаларига қаратмоқда. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форуми аъзо давлатларнинг илмий-тадқиқот ва сиёсий марказлари фаолиятига кўмаклашиш ва илмий қўллаб-қувватлаш, улар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида унинг фаолиятига доир айрим масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий ва прогноз материаллар, тавсиялар тайёрлаш учун кўп томонлама мустақил ижтимоий маслаҳат-эксперт механизми ҳисобланади. 

Форум мажлисининг дастлабки кунида ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтган Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари муҳокама этилмоқда. Ўзбекистоннинг 2015-2016 йилларда ташкилотга раислиги даврида ШҲТ фаолиятининг самарадорлиги ва халқаро нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилгани таъкидланди. Ўтган йилги саммитда имзоланган ҳужжатлар ташкилотнинг устувор йўналишлардаги фаолиятини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга доир амалий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда. 

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида муҳим ҳужжат – ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти якунлари ва истиқболда уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари акс эттирилган Тошкент декларацияси қабул қилинганини таъкидлаш жоиз. Ташкилотни кенгайтиришга қарор қилингани эса саммитнинг яна бир муҳим масаласи бўлди. Давлат раҳбарларининг учрашуви якуни бўйича Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар ҳам имзоланган эди. 

Форум мажлисининг биринчи кунида, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда улар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда. 

Мажлисда Ўзбекистон вакиллари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тақдим этди. Мамлакатимизнинг иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги позициясини, шунингдек, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Мазкур стратегиянинг мақсадлари ШҲТ фаолиятининг хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича асосий йўналишларига мос келиши қайд этилди. 

Ҳаракатлар стратегиясида транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бундан ШҲТга аъзо давлатлар ҳам манфаатдордир. Бу борадаги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши Осиё билан Европани боғлайдиган халқаро транспорт коридорларининг кўп вариантли тизимини шакллантириш имконини беради. 

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурининг асосий қоидаларига бағишланган тақдимот ҳам ўтказилди. Дастур доирасида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлик масаласини ҳал этиш, соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш ва маҳалла ролини янада оширишга қаратилган кенг кўламли вазифалар амалга оширилаётгани таъкидланди. 

Мажлис иштирокчилари тақдим этилган ахборотни ижобий баҳолади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”лиги тўғрисидаги қатъий позицияси белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади. 

Тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини янада ривожлантириш, хусусан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро манфаатли инвестиция ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳамда ШҲТни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилади.