Жорий йилнинг 19 май куни “Ўзстандарт” агентлигининг ташаббуси билан Олий Мажлис  Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Республикамиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда стандартлаштириш ва метрологиянинг роли мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур ҳамкроликда ташкил этилган семинар ишини “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А. Хаитов кириш сўзи билан очиб, давра суҳбатига танланган мавзунинг ўта долзарб эканлиги ва бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини  оширишда Олий  Мажлис  Қонунчилик палатаси депутатлари билан бамаслаҳат иш тутиш зарурлигига алоҳида тўхталди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Сипикерининг ўринбосари  Б.Алихонов,  Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Б.Ниёзматов ва бир гуруҳ депутатлар, ҳамда тадбир иштирокчилари Республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича стратегик мақсад ва вазифаларининг амалга ошириш механизмлари хусусида ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар

Сир эмас бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши учун хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш масаласи қуйилган. Бу тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарида халкаро ИСО стандартлари талаблари асосида сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш бугунги куннинг долзарб масаласига айланган.

Шу нуқтаи назардан, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш, халқаро стандарт ва техник регламентларни тизимли жорий этиш ҳамда Республика миллий эталонлар базасини ривожлантириш орқали маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва Агентликнинг структурасини халқаро талабларга мувофиқ шакллантириш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йил 28 апрелда “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-2935-сонли қарор қабул қилинди.

Қарорда соҳалар бўйича амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш юзасидан 2017-2020 йиллар давомида Агентлик фаолиятини такомиллаштириш ва ишлар самарадорлигини ошириш бўйича Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, ушбу дастурга асосан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш белгиланди:

- маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш ва савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш юзасидан 2017-2020 йилга қадар 9158 та (2017 йилда 2096 та, 2018 йилда 2216 та, 2019 йилда 2387 та ва 2020 йилда 2459 та) корхоналарда менежмент тизимларини жорий этиш;

- агентлик таркибидаги 12 та марказларини халқаро аккредитациядан ўтказиш орқали 10 та синов лабораториялари (2017 йилда 4 та - Бухоро маркази “кимё маҳсулотлари”, Сурхондарё маркази “озиқ-овқат маҳсулотлари”, Наманган маркази “текстил маҳсулотлари”, Самарқанд маркази “автотранспорт воситалари”, 2018 йилда 2 та - Қорақалпоғистон маркази “кимё маҳсулотлари”, Андижон маркази “машинасозлик маҳсулотлари”, 2019 йилда 2 та - Навоий маркази “электротехника маҳсулотлари”, Фарғона маркази “кимё маҳсулотлари” ва  2020 йилда 2 та – Чирчиқ маркази “физик-кимё маҳсулотлари”, Хоразм маркази “озиқ-овқат маҳсулотлари”), шунингдек 2018 йилда 2 та - Андижон ва Самарқанд марказлари менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораларида тизимли ишларни йўлга қўйиш; 

 - аҳолига қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликни олдини олиш ва иш унумини ошириш мақсадида республиканинг 19 та туманларида, жумладан 2017 йилда 8 та (Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида, Бухоро вилояти Қоракул туманида, Жиззах вилояти Пахтакор ва Мирзачўл туманларида, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида, Фарғона вилояти Қува туманида ва Хоразм вилояти Хазорасп туманида), 2018 йилда 3 та (Бухоро вилояти Пешку туманида, Хоразм вилояти Шовот туманида, Тошкент вилояти Қуйи-Чирчиқ туманида), 2019 йилда 4 та (Жиззах вилояти Дўстлик туманида, Қашқадарё вилояти Миришкор туманида, Сирдарё вилояти Олтинсой туманида, Наманган вилояти Чўст туманида) ва 2020 йил 4 та (Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида, Наманган вилояти Учқўрғон туманида ва Андижон вилояти Балиқчи туманида) метрологик шаҳобчалар ташкил этиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда қарор ижросини таъминлаш мақсадида  2017 йилда менежмент тизимларини жорий этиш белгиланган Республика  вилоят ва туманлари кесимидаги жами 2096 та корхоналар рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий хокимликлар билан келишилган ҳолда менежмент тизимларини босқичма-босқич жорий этиш тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари Самарканд ва Андижон синов ва сертификатлаштириш марказларнинг менежмент тизимларини сертификатлаштириш идоралари Туркия давлатининг ТУРК АК аккредитация ташкилоти томонидан муддатидан олдин халқаро акредитациядан ўтказилди.

Агентлик томонидан бундай кенг кўламдаги ишларни амалга оширилиши корхоналарни халқаро даражада сертификатлаштириш имконини беради.

Бу ўз навбатида маҳсулотларга нисбатан истеъмолчилар ишончини ортишига, бозорларда турли имкониятларни ўсишига, ишлаб чиқаришда йўқотишларни камайишига, тадбиркорлик фаолиятида таваккалчиликларни пасайишига ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни халқаро даражада тан олинишига эришилади.