Тинчлик ва барқарорлик – тараққиётнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди. 

Саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари қатнашди. 

Форумни Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд очди. 

Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди. 

Бу борада мамлакатимизда мустақиллик йилларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ва бугун изчил давом эттирилаётган тинчликпарвар сиёсат бу эзгу интилишларга таянч бўлмоқда. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилгани бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий базасини, халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган. 

Ўзбекистон айни пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилмоқда. 2016 йил кузида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, маърифат ва таълим башарият тараққиёти ва фаровонлигининг асосий омилларидан бири эканини алоҳида қайд этди. 

Саудия Арабистони Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Ўтган 25 йил давомида мамлакатларимиз турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Хавфсизлик, таълим ва қурилиш соҳаларида сезиларли натижаларга эришилган. 2010 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ўртасида терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига, шунингдек, бошқа жиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган. 

Саудия тараққиёт жамғармаси Ўзбекистондаги бир қанча лойиҳаларни молиялаштириб келмоқда. 2011 йил қишлоқ жойларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, олис қишлоқлардаги 632 мактабда муқобил энергия манбаларини жорий этиш, 2015 йил қишлоқ жойларда намунавий уй-жой қуриш лойиҳаларига маблағлар ажратган. Суғориш тизимлари ва йўлларни реконструкция қилишга қаратилган 5 лойиҳага 80 миллион доллар жалб қилинган. 

Бундай ҳамкорлик изчил давом этмоқда. 

Саммит доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат раҳбарлари билан мулоқотда бўлди. 

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади. 

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлуд Човушўғли билан учрашиб, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи давомида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, томонлар ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. 

Ислом тараққиёт банки мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, йўл инфратузилмаси, коммунал соҳа учун 1,4 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган. 

Айни вақтда Ўзбекистон – Ислом тараққиёт банки ҳамкорлик стратегияси доирасида 2017-2019 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган 1,4 миллиард долларлик 21 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. 

Ҳамкорликни янада тараққий эттириш, уни янги босқичга кўтариш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди. 

Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида инсоният тараққиётига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки юзасидан фикр алмашилди. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. 

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. 

ЎзА