Наманганда вилоятдаги йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда Наманган вилоятидаги йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар билан бирга, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан корхоналар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этди. 

– Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички истеъмол бозорини экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар билан тўлдириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Ортиқов. – Бу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар қаторида корхоналар ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида халқаро ва мамлакат миқёсида ташкил этилаётган ярмаркалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни вилоят саноат салоҳиятининг ўсиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, 2009 йили 52 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 90 турдан ортиқни ташкил этмоқда. 

Вилоятда турли либослар, парфюмерия, чарм маҳсулотлари, пластмасса буюмлари, сантехника жиҳозлари, автомобиль чироқлари, қуритилган сут ва мевалар, қадоқланган табиий шарбатлар, пишлоқ, сариёғ, кунгабоқар ёғи каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожланмоқда. 

– Ярмаркада 270 дан зиёд субъект ўзида ишлаб чиқарилаётган 1 минг 200 дан ортиқ турдаги маҳсулоти билан иштирок этди, – дейди вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Матмусаев. – Эътиборлиси, ярмарка тиббиёт соҳасида фойдаланиладиган ЭКГ лентаси, 5 турдаги электр ҳимоя воситаси, травертин қурилиш ашёси, диодли лампа каби 22 турдаги янги маҳсулотлар билан бойиди. Ярмаркада умумий қиймати 26 миллиард 400 миллион сўмлик ички ва 7 миллион 300 минг долларлик ташқи шартномалар имзоланди. 

– Саноат ярмаркаси ўзига хос реклама воситаси сифатида тадбиркорларга катта кўмакдош бўлмоқда, – дейди “Наманган темир-бетон маҳсулотлари заводи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Боқибоев. – Бугунги тадбирда “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг 1 миллиард 150 миллион сўмликдан зиёд шартнома пакетини қўлга киритишга эришдик. 

Ярмаркада мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган тадбиркорлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.