Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги, хусусан, пиллачилик соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тармоққа юқори самарали, замонавий технологиялар кенг жорий этилаётгани пилла хомашёсини қайта ишлаш ва ундан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир. 

Навоий вилояти пиллакорлари жорий йилда 1 минг 5 тонна юқори сифатли ҳосил етиштиришни режалаштирган. Бунинг учун 17 минг 700 қути ипак қурти юқори технологиялар асосида парваришланмоқда. 

– Вилоятда пиллачиликни янада ривожлантириш учун қулай шароит мавжуд, – дейди Навоий вилояти “Пилла” бирлашмаси раиси Умид Нарзиев. – Айни пайтда пилла парвариши қизғин давом этмоқда. Жойларда 1 минг 515 фермер хўжалигидаги 8 минг 188 звено ипак қуртини беталафот парваришламоқда. Мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида тутзорлар алоҳида муҳофаза этилиб, 750 минг туп тут кўчати экилди. Етиштирилган хомашёни ўз вақтида йиғиб олиш учун вилоятдаги махсус пунктлар тайёр ҳолатга келтирилган. 

Пилла хомашёсидан ипак тола олиш, яъни пиллани қайта ишлаш борасида Қизилтепа, Хатирчи ва Кармана туманларида махсус фабрикалар фаолият кўрсатмоқда. 

Қизилтепа туманидаги “Қизилтепа ипаги” масъулияти чекланган жамияти бўш турган бинода иш бошлади. Корхонада 43 тоннадан ортиқ пиллани қайта ишлаш имконияти мавжуд. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган цехда саноатбоп қуруқ пилладан сифатли ипак толаси тайёрланади. 70 дан ортиқ киши 2 сменада меҳнат қилмоқда. 

Кармана туманидаги “Richard best silk” масъулияти чекланган жамиятида йилига 48 тонна сифатли ипак тола йигирилади. Бу ерда меҳнат қилаётган 80 ишчининг кўпчилиги ёшлардир. Жорий йилда ипакчилик корхонаси 3 тонна тайёр ипак маҳсулотини Хитойга экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Вилоят пиллакорлари яна саноқли кунлардан сўнг давлатга пилла топширишни бошлайди.